Педагогик маҳорат марказида Қорақалпоғистон Республикасидаги “Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритувчи мактаб маслаҳатчиси лавозими учун тест синовлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозимини жорий этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ташкил этиш, уларни интеллектуал жиҳатдан етук, Ватанга садоқатли, тарих ва миллий маданиятимизга ҳурмат руҳида тарбияладан иборат.
[gallery-27166]
Тест синовлари жараёнида ушбу лавозимга жами 728 нафар номзод ҳужжат топшириб, ўз билимларини синовдан ўтказди. Тест синовлари белгиланган тартиб ва талаблар асосида шаффоф ва ошкора муҳитда адолат тамойилларига амал қилган ҳолда ташкил этилиб, талабгорларнинг касбий билим ва кўникмалари холисона баҳоланмоқда. Синовлар 30 та саволдан иборат бўлиб, юқори натижа кўрсатган талабалар кейинги босқич - суҳбат жараёнига тавсия этилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари