Сайхунобод туманидаги чекка қишлоқда жойлашган 28-умумтаълим мактабида маънавият ва маърифат байрами бўлиб ўтди.
Китобхонликни кенг тарғиб этиш, ёш авлоднинг маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган мазкур тадбир мактаб ҳаётида ўзига хос қувончли воқеага айланди.

Тадбир доирасида мактаб кутубхонаси янги бадиий адабиётлар билан бойитилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан таълим даргоҳига 300 нусхадан ортиқ турли мавзудаги китоблар ҳадя этилди. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг мумтоз ҳамда замонавий намуналарини қамраб олган ушбу асарлар ўқувчиларнинг бадиий тафаккурини ривожлантириш, китобга муҳаббатини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда сўзга чиққан мактаб директори Нодира Боймуродова кутубхона фондининг бойитилиши ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини янада кучайтиришини таъкидлади. Унинг айтишича, мактабда яратилган ижодий муҳит ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, шу таълим даргоҳида таҳсил олган, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари Эъзоза Алимова ва Гулчирой Исоқова, шунингдек, “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида илк тўплами нашр этилган ёш шоира Шоҳинур Усмонова бунга яққол мисолдир.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Норинисо Қосимова, “Янги Сирдарё” вилоят газетаси бўлим муҳаррири Муҳаммадали Аҳмад, уюшманинг етакчи мутахассиси Хайрулла Солижонов мамлакатимизда Президент ташаббуси билан китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёшларни маънавий етук, кенг дунёқарашли этиб тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида фикр юритишди.

Олий тоифали муаллима Ҳулкар Имомова эса китоблар ҳадя этилгани учун миннатдорлик билдириб, бундай эзгу ташаббуслар ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантириш, уларни маънавий баркамол инсонлар этиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Тадбир байрамона, самимий руҳда ўтди. Мактабнинг бадиий ҳаваскорлари томонидан қўшиқ ва рақслар ижро этилди, ёш ижодкор ўқувчилар эса ўз шеър ва ҳикояларидан намуналар ўқиб беришди. Мазкур чиқишлар нафақат мактаб ўқувчилари, балки тадбирда иштирок этган меҳмонлар қалбида ҳам унутилмас таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири