Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб кутубхоналарига зиё улашиб...
08:41 / 2022-02-05

Мактаб кутубхоналарининг ҳақида гап кетганда, гоҳ танқид қилинади, гоҳ алоҳида эътироф этилади.

ЎзА сайтида ҳам «Мактаб кутубхоналарида нима гап?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда кутубхоналардаги китоблар сони, бадиий адабиётларга қизиқиши ҳақида гап борганди. Аҳвол айтарли даражада яхши эмас. Кутубхоналарда бадиий асарлар кам эди. 2020 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мамлакатимизда мавжуд мактабларга китоблар тақдим этиш йўлга қўйилди. Ушбу анъана пойтахт мактабларидан тортиб, чекка-чекка ҳудудларда жойлашган маърифат масканларига қадар етиб бораётгани қувонарли.

Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича белгиланган мақсадлар ва 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида белгиланган вазифалар бандида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам қатор мақсадли топшириқлар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, унда мактабларда, таълим муассасаларида ёшларни китобхонликка жалб қилиш, адабиётга қизиқтириш, улар ўртасида мушоира кечаларини ташкил қилиш, кутубхоналарни бадиий китоблар билан бойитиб бориш келтирилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 202-сонли умумтаълим мактаби кутубхонасига бадиий китоблар топшириш маросими ўтказилди.

Китобларни уюшма вакиллари Шоди Отамурод, Фозил Фарҳодлар мактаб маъмуриятига тақдим этди.

Мазкур мактаб кутубхонасида шу пайтга қадар жами 1728та китоб бор эди. Шундан 964таси бадиий адабиётлар. Энди кутубхона фонди Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган 36 номдаги 250 дона бадиий-адабий китоб билан бойиди.

Маълумки, Ёзувчилар уюшмаси бир неча йилдан буён «Китоб карвони» лойиҳаси доирасида республика бўйлаб, умумтаълим мактаблари, таълим даргоҳларининг кутубхоналарига бадиий адабиётлар етказиб бермоқда. Бу эса ёшларни янги адабиётлар билан танишишларида, китобхонлик маданиятини, билим даражасини юксалишида, ижодга бўлган қизиқишини ортишида муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги ўтказилган тадбир ҳам ушбу мактаб ўқувчиларини ўқиб-ўрганишларида, бадиий адабиёт олами билан ҳамнафас бўлишларида улкан кўприк вазифасини ўтайди.

Бу янги асарлар мактабнинг 76 нафар педагог кадрлари ва 1053 нафар ўқувчисининг тафаккурини бойитишга хизмат қилади.

Д. Маматова, ЎзА