French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб-интернатда қўл меҳнати маҳсулотлари аукциони (+видео)
22:10 / 2026-02-06

Навоий вилояти Кармана туманидаги Маданият марказида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 25-сонли мактаб-интернати ўқувчилари қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотлар кўргазмаси ва инклюзив аукцион савдоси ташкил этилди.

Ушбу аукцион савдосини ташкил этишдан мақсад фақат маблағ йиғиш билан чекланмай, жамиятда инклюзив муҳитни мустаҳкамлаш, ижодкор ёшларнинг қобилиятини кенг жамоатчиликка танитиш ҳамда уларнинг ўз кучига бўлган ишончини оширишдан иборат. Эътиборлиси шундаки, ушбу кимошди савдосида маҳсулотлар юқори нархларда баҳоланиб, бу ёшлар меҳнатига бўлган ҳурмат ва эътирофнинг яққол ифодасига айланди.

Кўргазма доирасида ногиронлиги бўлган ёшлар томонидан яратилган 100 га яқин қўл меҳнати маҳсулотлари – картиналар, декоратив буюмлар ва турли санъат асарлари намойиш этилди. Шунингдек, мактаб интернати ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.

– Бугунги кимошди савдоси 9 та лот асосида ташкил этилиб, ҳар бир лотдаги маҳсулотлар ўз эгаларини топди, – дейди мактаб-интернат директори Жонибек Шодмонов. – Тадбир доирасида 148 нафар ўқувчи иштирокида Кармана туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. – Мактаб-интернатда таҳсил олаётган 21 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари ўз қизиқишлари – касб, фан ва спорт йўналишлари асосида туман ҳокими ва сектор раҳбарларига мурожаат хатлари йўллаган эди. Ушбу мурожаатлар тадбир давомида ўқиб эшиттирилиб, муаллифларга эсдалик совғалари тақдим этилди.  Шунингдек, туман ҳокимлиги ташаббуси билан мактаб-интернатимизнинг барча ўқувчилари ўқув қуроллари билан таъминланди. Тадбир давомида Маданият маркази фаоллар залида ўқувчиларимиз иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

[gallery-27503]

Албатта, жамиятимизда кечаётган туб ислоҳотлар жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, барча зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

– Кўҳна қўрғон маҳалласида 258 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳолидан доимий хабар олиб турилади. Уларнинг касбий қизиқишлари инобатга олиниб, касбларга йўналтирамиз, – дейди маҳалладаги ижтимоий ходим Роксана Очилова. – Мен фаолият олиб бораётган мазкур маҳаллада заргарлик, рассомчилик, ҳар хил тақинчоқлар ясаш, шахмат, шашка тўгараклари ташкил этилган. 30 нафар ёшларимиз бу тўгаракларга бориб, қизиқишига қараб турли нарсалар ясамоқда. Бугунги аукционда ҳам маҳалламиз ёшлари қўлда ясалган ишларини олиб келиб иштирок этди. Бундан мақсад ногиронлиги бўлган шахслар истеъдоди қай даражада юқори эканлигини кўрсатиш, уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, жамиятга қўшишдир.

 Тадбир давомида Кармана туман ҳокими ва сектор раҳбарлари мактаб-интернатида бўлиб, ўқувчилар билан бевосита мулоқот қилди. Уларнинг қизиқишлари ва келажакдаги орзулари тўғрисида суҳбатлашди. Болаларга қизиқишларига мос совғалар ҳамда зарур жиҳозлар, кутубхонага эса 200 дан зиёд турли китоблар жамланмаси топширилди. Учрашув норасмий ва самимий руҳда давом этиб, ўқувчилар билан биргаликда тушлик ташкил этилди.

Бу каби ташаббуслар ногирон болалар ва уларнинг оилаларини руҳий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга меҳр улашиш мақсадига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/I2Py9nrJxJY?si=MoGg6uHylEji_vZQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), 

ЎзА мухбирлари