Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисми томонидан Нукус шаҳридаги “Нурли макон” мактаб-интернатида халқаро ногиронлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Имконияти чекланган инсонларга эътибор қаратиш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, қадр-қиммати ва имкониятларини юксалтириш мақсадида меҳр-мурувват, инсонпарварлик ва ватанга садоқат руҳи уйғунлашган тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда ёшларга яратилган кенг имкониятлар, барча соҳаларда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборга тўхталишди. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшларнинг қўлга киритаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида фахрий қоровул саф тортишлари, қўл жанги усталари томонидан ўтказилган кўргазмали жанговар чиқишлар ёшлар қалбида жасорат ва қатъиятга бўлган иштиёқни янада оширди.
Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги куй ва қўшиқлар эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Тадбир доирасида ҳарбий қисм томонидан интернатга моддий ёрдам кўрсатилиб, совға ва зарур ўқув-услубий жиҳозлар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири