French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мактаб директорларининг ҳуқуқий компетентлиги оширилса, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва коррупциянинг олди олинади
18:17 / 2020-11-30

Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактаби директорлари олдида турган энг долзарб масала бу уларнинг ҳуқуқий компетентлигини ривожлантириш масаласидир. Ҳуқуқий ва педагогик билимларни ривожлантириш директорларнинг кўникма, малакасини келгусида касбий фаолиятда қўллаш имконини беради. Жамият ривожлангани сари ижтимоий муносабатлар мураккаблашиб бораяпти.

Бир томондан, таълим тўғрисида янги қабул қилинаётган қонунлар амалда ўз самарасини бермас, мазкур қонунларни тўғри талқин этмаслик ва кўр-кўрона бузилиш ҳолатлари такрорланаверар экан, тизимда натижадорликка эришиш қийин. Мазкур жараёнда мактаб директорларининг ҳуқуқий билимларини ривожлантириш, ўқитиш методикасини такомиллаштиришга жиддий эҳтиёж сезилади. Янги қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таълимни модернизация қилишни талаб этади.

Малака ошириш курсларида ҳуқуқий мавзудаги маъруза ва семинарлар ўқитилиш соатларини ошириш орқали турли кўчма тренинглар ёрдамида раҳбарларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий онгини ўстириш мумкин. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва компетентлигини ривожлантириш орқали таълим муассасасида соғлом муҳит, ички ва ташқи таъсирлардан ҳимояланишга, энг муҳими, умумий ўрта таълимни самарали бошқаришга эришилади.

Ҳукумат қарорларида мажбурий меҳнат ва таълимда учраётган турли маҳаллийчилик, коррупция ҳолатларини бартараф этиш масалалари кўтарилаётган бўлсада, афсуски, жойларда унинг аксини кўришимиз мумкин. Бу эса айни пайтда раҳбар кадрларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни талаб қилади. Раҳбар кадрлар ҳуқуқ фани бўйича назарий билим ва кўникмага эга бўлиши мумкин, бироқ ўз фаолиятида мавжуд ҳуқуқий билимларни амалда қўллай олишини шакллантириш асосий масала бўлиб турибди.

Ўрганишлар айни йўналишда керак бўладиган ҳуқуқий, педагогик монографик тадқиқот ҳали мавжуд эмаслигини кўрсатди. Ушбу масаланинг назарий ва амалий жиҳатдан ҳал этилиши келгусида мактаб директорларининг ҳуқуқий компетентлигини такомиллаштириш механизми мустақил илмий йўналиш бўлишига кўмаклашади.

Қандай вазифалар бор? Ҳар бир таълим муассасаси раҳбари ўзига танқидий баҳо бериши ва бўшлиқни тўлдиришга доир аниқ мақсад ва стратегик режа ишлаб чиқиш ва амалда бажариш кўникмасини ҳосил қилиши керак. Муассасада ҳуқуқий адабиётлар сонини ошириш, барча турдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг видео ва аудио шаклини тайёрлаш, малака ошириш курсларида ҳуқуқий мавзуга доир мавзуларни содда, ўрта, мураккабга бўлиб ўргатиш схематик методик қўлланма яратилиши лозим.

Умумий ўрта таълимни бошқаришда мактаб директорлари ўртасида ҳуқуқий компетентлик моделини ишлаб чиқиш ва педагогик билимларни амалиётга қўллаш механизмини шакллантириш давр талаби.

Умуман олганда, мактаб директорларининг ҳуқуқий компетентлигини ошириш орқали муассасаларда содир этилаётган жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва коррупциянинг олди олинади, стратегик педагогик қарорлар қабул қилиш тизими ўзгаради. Умумий ўрта таълим муассасасида хуқуқий тартиб ўрнатилади, соғлом, рақобатбардош кадрлар фаолият юритади. Энг муҳими, муассасада самарали таълим бошқаруви йўлга қўйилади.

Дилноза ЮСУПОВА,

А.Авлоний номидаги илмий тадқиқот институти ўқитувчиси.

ЎзА