ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 190-умумтаълим мактабида Тошкент шаҳрида иккинчи хорижий тил ва касб-ҳунарга ўргатиш жорий этилган мактаблар учун “Умумий ўрта таълим муассасаларида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиётининг жорий этилиши” мавзуида мактаб директорлари, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва мактаб психологлари учун семинар ташкил этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 20 январь ҳамда 28 август кунлари кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселекторларда умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ҳаётга тайёрлаш, уларга касб-ҳунар ўргатишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, республикадаги 208 та ва 2024 йилнинг январь ойидан 513 та мактабда ўқувчиларга иккинчи хорижий тил ҳамда битта касб-ҳунар ўргатиш тизими йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида 42 минг нафардан ортиқ 10-синф ўқувчисига 34 турдаги касб-ҳунар учта йўналишда (ишчи касблар, тадбиркорлик ва ахборот технологиялари) ҳамда иккинчи хорижий тил сифатида 114 минг нафардан ортиқ 7-синф ўқувчисига немис, француз, инглиз, корейс, япон ва хитой тиллари ўргатиб келинмоқда.
[gallery-15632]
Семинарда иккита хорижий тил ва касб-ҳунарга ўргатиш амалиётини жорий этишда меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш, касбга ўргатишни ташкил этиш, ўқув режа ва дастурларни амалиётда қўллаш бўйича иштирокчиларга тегишли тавсия ва тушунчалар берилди.
Таъкидлаш керак, Тошкент шаҳрида 2023 йил сентябрдан 12 та мактабда ҳамда жорий йилнинг январидан 32 та мактабда жами 44 та мактабда 12 турдаги касб-ҳунар ва 5 та тил ўргатиш жорий этилди.
Ушбу чора-тадбирлар битирувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ва меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, мамлакатимиз ривожи учун ўз ҳиссасини қўшадиган мутахассислар сифатида тарбиялаш мақсадига қаратилган. Шу билан бирга, касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш машғулотлари ўқувчиларни замонавий касбларга қизиқтириб, уларга мотивация беради ҳамда ёшларни қўшимча даромад ва инвестиция келтирувчи соҳаларга жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА