Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали томонидан мактаб директорларининг бошқарув салоҳиятини оширишга қаратилган қисқа муддатли малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
Ҳамкорликда “Жамоа бошқарувининг замонавий трендлари: назария ва амалиёт” йўналишида махсус ўқув режаси ишлаб чиқилиб, раҳбарларнинг замонавий бошқарув компетенцияларини ривожлантиришга хизмат қилувчи пухта методик асос яратилди.

– Эндиликда мактаб директорлари Самарқанд ҳудудий филиалининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан замонавий жамоа бошқаруви, самарали коммуникация, натижадорликни таъминлаш, лидерлик компетенцияларини шакллантириш каби йўналишларда амалий билим ва тавсияларни олиш имкониятига эга бўлади, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев.

Курснинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар, таълим тизими ривожида стратегик бошқарув ёндашувларининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди. Бир ҳафта давом этадиган мазкур ўқув курсига 40 нафар мактаб директори жалб қилинди.

Таълим муассасалари раҳбарларининг малакасини мунтазам ошириб бориш таълим сифатини юксалтиришнинг энг муҳим омилларидан биридир. Ушбу янги лойиҳа эса Бухоро мактабларида инновацион бошқарув маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.