Навоий шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида Халқ таълими вазирлиги, республика Таълим маркази ҳамкорлигида “Миллий дастурни амалиётга жорий этишда дарслик муаллифлари ва методистлар ҳамкорлиги” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.
Унда Андижон, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 54 нафар, навоийлик 300 нафарга яқин методистлар, бошланғич синф ўқитувчилари иштирок этди.
Мактаблар учун яратилган янги, замонавий дарсликлар асосида ўқитишни ташкил этиш, Миллий дастурни амалиётга жорий этишда муаллифлар ва методистлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш кутилган натижани беради. Бу борада дарсликлардаги инновация, мантиқий фикрлашни ривожлантириш, ўқувчилар саводхонлигини ошириш ўзаро узвий алоқа, тескари мулоқот асосида йўлга қўйилади.
– Навоий шаҳрида бўлиб ўтган республика семинарининг асосий мақсади ҳам бошланғич таълимдаги энг яхши, илғор тажрибалар, инновацион методлар, креатив ғоялар ва ижод намуналари билан яқиндан танишиш, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шалола Ҳамидова. – Шунингдек, дарслик муаллифлари, энг малакали бошланғич синф ўқитувчилари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан биридир.
Бугунги кунда вилоятда 4290 нафар бошланғич синф ўқитувчиси 74 минг 167 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда.
2021 йил 1 ноябрдан 15 декабргача АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда бошланғич синфларда ўқиш (EGRA) ва математика кўникмаларини баҳолаш (EGMA) бўйича мамлакат бўйлаб тадқиқот олиб борди. Тадқиқотда Навоий вилоятининг бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш фанидан кўникмалари 95 фоиз, математика фанидан кўникмалари 90 фоизга баҳоланди. Ҳозирча бу республикадаги энг юқори кўрсатгичдир.
Семинар давомида иштирокчилар Навоий шаҳридаги 4 та мактабда бўлиб, ўзаро тажриба алмашди.
Абдували Бўриев, ЎзА