Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети юзасидан белгиланган асосий вазифалар бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда вазирлик масъуллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Давлат бюджети сиёсати департаменти бошлиғи Шерзод Муҳаммедов, Иқтисодий ўсишни таҳлил қилиш ва прогнозлаш ҳамда монетар, фискал ва ташқи савдо сиёсатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари Акмалжон Ғаниев ва бошқалар макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳамда давлат бюджети масалаларига атрофлича тўхталиб ўтди.
Унда мамлакат иқтисодиётида 2025 йилда эришилган натижалар ва ўрта муддатли истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан батафсил ахборот тақдим этилди. Жумладан, 2026 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари, иқтисодий ўсиш суръатлари, фискал барқарорликни таъминлаш чоралари ва давлат молиясини бошқариш йўналишлари муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, очиқ мулоқот доирасида 2025 йил Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ижроси ҳамда уларнинг таркибий динамикаси, 2026 йил учун Давлат бюджети параметрлари, режалаштирилаётган тушумлар ва асосий харажат йўналишлари, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, самарадорликни ошириш ва очиқликни кенгайтириш бўйича кўрилaётган чоралар, “Ташаббусли бюджет” жараёнида эришилган натижалар ҳамда 2026 йилда мазкур механизмни такомиллаштириш доирасида жорий этилaётган янгиликлар юзасидан маълумотлар берилди.
[gallery-27372]
– 2025 йил бошидаги прогнозларга кўра, иқтисодий ўсиш 6 фоиз бўлиши кутилган эди. Йил якуни билан эса 7,7 фоизга етди. Бундай ўсиш асосан халқаро ташқи шароитнинг яхшиланиши ва экспорт салоҳиятининг ошиши билан боғлиқ. Шунингдек, ички шароитлар ҳам бу жараёнда муҳим роль ўйнади. 2026 йилда иқтисодий ўсиш 6,6 фоиз прогноз қилинмоқда. Албатта, бу прогнозда асосий макроиқтисодий рисклар ҳам инобатга олинган, – деди А. Ғаниев.
Вазирликнинг Давлат бюджети сиёсати департаменти бошлиғи Шерзод Муҳаммедов эса ўз сўзида хусусий секторда ишловчиларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш бўйича 2026 йилда киритиладиган ўзгаришлар ҳамда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасидаги режаларга тўхталиб ўтди.
– Давлат ижтимоий суғурта жамғармасининг ташкил этилгани аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим омил ҳисобланади. Жорий йилдан бошлаб хусусий секторда ишловчиларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини бир хил миқдорда тўлаш тартиби жорий этилмоқда. Бу дегани шуки, бюджет ташкилотларида ва хусусий секторда ишлайдиган аёллар учун нафақалар бир хил бўлади ва охирги бир йилга нисбатан иш ҳақининг ўртача миқдори тўрт баробарга кўпайтирилади, – деди Ш. Муҳаммедов.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни билан консолидациялашган бюджет тақчиллиги миқдори қатъий белгиланиб, ушбу кўрсаткич доирасида ижро этилиб келинаётгани қайд этилди. Масалан, 2024 йилда тақчиллик ЯИМга нисбатан 4 фоиз этиб белгиланганига қарамасдан, у 3,3 фоизга ижро этилган.
Очиқ мулоқот савол-жавоб шаклида ўтказилиб, унда бюджет сиёсатининг устувор йўналишлари, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш омиллари, ҳудудий ривожланиш масалалари ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш механизмларига доир фикр алмашилди.
Мазкур тадбир давлат молияси ва макроиқтисодий сиёсат соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик билан мулоқотни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА