Махсус педагогларга талаб қандай?
Жорий йилда мазкур факультетни бакалавр таълим йўналиши бўйича 132 нафар талаба муваффақиятли тамомлади.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Махсус педагогика факультети битирувчи курс талабалари билан “Рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамиша эътиборда” мавзусида онлайн учрашув ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Републикаси халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, Мирзо Улуғбек туманидаги 101-сонли кар болалар махсус мактаб-интернати директори Олесия Ибрагимова, битирувчи курс талабалари ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
– Университетимиз республиканинг махсус таълим соҳаси учун юқори касбий тайёргарликка эга бўлган кадрлар тайёрловчи олийгоҳ ҳисобланади, – деди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров. – Университетнинг Махсус педагогика факультети битирувчиларига махсус мактаб-интернатлари, умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ишга қабул қилиш бўйича олдиндан буюртмалар портфели миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Жорий йилда мазкур факультетни бакалавр таълим йўналиши бўйича 132 нафар талаба муваффақиятли тамомлади.
– Мен Махсус педагогика факультетининг дефектология йўналишини тамомладим, бу касб жуда масъулиятли ҳисобланади, – деди битирувчи Луиза Орифжанова. – Алоҳида ёрдамга муҳтож болалар жамиятда тенгқурлари билан фаол бўлиши учун дефектолог-педагогдан юксак билим ва катта ҳаётий тажриба талаб этилади. Келажакда алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ҳаётга тайёрлашда қўлимдан келганича ёрдам бераман.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятовнинг битирувчиларга йўллаган табриги онлайн намойиш этилди.
Ўқув йили мобайнида жамоат ишлари ва турли кўрик-танловларда фаол иштирок этган бир гуруҳ талабалар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Дилором АДИЛОВА,
Низомий номидаги Тошкент давлат
педагогика университети декани ўринбосари.