French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маиший газ баллонларингиз хавфсизми?
15:17 / 2023-02-13

Сурхондарё вилоятидаги маиший газ баллонларни таъмирлаш ва синовдан ўтказиш цехларида яроқлилик муддати ўтган ва “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг шаҳар, туман бўлимлари омборхоналарида сақланаётган таъмирталаб маиший газ баллонлар синовдан ўтказилиб, жўмрак мосламалари алмаштирилмоқда. Бу иш истеъмолчиларнинг суюлтирилган газдан фойдаланишида хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Вилоятда 475 минг 209 истеъмолчи суюлтирилган газдан фойдаланади. Филиал ҳисобида 535 минг 922 та маиший газ баллон бор. Истеъмолчиларга  мавжуд газ баллон билан "айланма" усулда хизмат кўрсатилади.  

Мутахассисларнинг айтишича, белгиланган меъёрга кўра, газ баллонлар беш йилда бир марта босим остида синовдан ўтказилиши белгилаб қўйилган. Синаш жараёнида газ баллон босимга дош бермаса, ташқи кўриниши кўздан кечирилганида нуқсон аниқланса, бу газ баллонлар фойдаланиш учун яроқсиз ҳисобланиб, таъмирланади. Баллонлар босим остида синовдан ўтгач, уларнинг паспортига яна беш йил фойдаланиш мумкинлиги ҳақида махсус белги қўйилади.  

Воҳадаги “Музработ” газ тўлдириш иншоотининг махсус цехи бир кунда 40 тагача маиший газ баллонни синовдан ўтказиш қувватига эга. Ўтган қисқа вақтда бу ерда 990 та газ баллон синовдан ўтказилди. Хавфсизлиги таъминланиб, фойдаланишга чиқарилди.  

–Газ баллондан самарали, хавфсиз фойдаланишнинг ҳам ўз тартиб-таомиллари бор,–дейди “Музработ” газ тўлдириш иншооти раҳбари Азизбек Раҳматуллаев.– Суюлтирилган газ тўлдирилган баллон махсус транспорт воситасида ҳудудлардаги истеъмолчи хонадонигача олиб борилишини барча яхши бўлади. Афсуски, айрим истеъмолчиларнинг сабри чидамай бўшаган баллонни ерда думалатган ҳолда транспорт воситамиз тўхтаган жойга олиб боради. Бундай ҳолатда қаттиқ йўлга, тошга урилган баллон лат еб, ташқи кўринишига зарар етади. Жўмраги ишдан чиқади ёки муддатидан олдин яроқсиз ҳолга келиб қолади. Бундай истеъмолчиларга ходимларимиз газ баллондан фойдаланишнинг тартибларини чуқур тушунтиришига қарамай, одатидан воз кечиши вақт талаб этмоқда. Шу боис мижозларнинг суюлтирилган газ баллонни эҳтиёт қилиб, ундан тўғри фойдаланиш маданиятини оширишга ҳаракат қиляпмиз.  

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 15 мингдан ортиқ маиший газ баллон синовдан ўтказилиб, қайта фойдаланишга топширилди. Уларнинг орасида ҳали синов муддати келмаганлари ҳам борлиги айрим истеъмолчиларнинг ҳануз маиший газ баллонлардан белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда фойдаланмаётганидан дарак беради.  

Аслида газ ҳам, суюлтирилган ёқилғи тўлдирилган газ баллон ҳам умуммиллий мулк. Газ баллонлар истеъмолчига тегишли шартнома асосида фойдаланиш учун берилади. Хонадонга етказиб берилаётган суюлтирилган газдан тежаб, газ баллондан эса эҳтиёткорлик билан тўғри фойдаланиш бу турдаги ёқилғини оқилона сарфлаш, турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва уларни таъмирлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни камайтиришда  муҳим ўрин тутади.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири