Навоий вилоятида бугунги кунда 106 мингта суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, уларнинг 105 минг 926 тасини аҳоли истеъмолчилари ташкил этади.
Аҳолига ижара асосида берилган маиший газ баллон сони эса 98 минг 890 тадан иборат.
Маиший газ баллонлардан фойдаланишда уларнинг яроқлилиги ва синовдан ўтказилгани, хавфсизлик талабларига жавоб бериши муҳим аҳамиятга эга.

Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари ҳар беш йилда синовдан ўтказилади. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалига қарашли Карманадаги маиший газ баллонларни таъмирлаш ва синаш цехида синов жараёнлари амалга ошириб келинмоқда. Мазкур цехга Томди, Зарафшон, Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа, Нурота туманларидан таъмирталаб ва синовдан ўтказиш муддати келган маиший газ баллонлар олиб келинади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший газ баллонлари синовдан ўтказилишидан олдин оғир қолдиқлардан тозаланиб, махсус ускунага ўрнатилади. Шундан сўнг баллон сув билан тўлдирилиб, 25 килограмм босим остида 12-17 дақиқа давомида синовдан ўтказилади.

Босим остида синаш жараёнида баллон ҳолати синчковлик билан кўздан кечирилади. Агар сув сизиб чиқиши ёки бошқа нуқсонлар аниқланса, бундай баллон яроқсиз деб топилиб, утилизация қилинади.
Синовдан муваффақиятли ўтган баллонларнинг тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади ва белгиланган тартибда фойдаланиш учун топширилади.
– Ҳар битта газ баллонни таъмирлашга 12-17 дақиқагача вақт кетади, – дейди цех ишчиларидан бири Нарзулла Нуров. – Бир кунда 8-9 тагача газ баллонни таъмирлаймиз, бир ойда 1000 дан ортиқ газ баллонни кўздан кечирамиз, синовдан ўтказамиз. Ишимиз қизиқарли ва масъулиятли. Ҳар бир жараёнда хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда иш олиб борамиз. Айниқса, қиш мавсумида ишимиз кўлами яна кенгаяди. Шу ўринда истеъмолчилар газ баллондан тўғри фойдаланиши ва ўрнатишда эътиборли бўлишларини тавсия қилардик. Чунки айрим ҳолларда истеъмолчилар бепарволиги сабаб ҳам газ баллонлар таъмирталаб ҳолга келиб қолади.

“Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ҳудудида жойлашган мазкур цехда газ баллонларни синашдан ташқари, таъмирлаш ишлари ҳам бажарилади. Ўтган 2025 йил давомида цехда жами 41,5 мингта газ баллон олиб келиниб, уларнинг 25 минг 744 таси таъмирланган, 15 минг 726 таси эса синовдан ўтказилган.
Вилоят бўйича эса жами 37 минг 808 та газ баллон таъмирланган, 18 минг 211 та газ баллон эса синовдан ўтказилган.
А.Бўриев, ЎзА