Маиший чиқинди учун тўловларни масофадан амалга оширинг
Бугунги эпидемиологик вазиятда шаҳримиз ҳудудларининг тоза ва озода бўлиши эса жуда муҳим саналади
Ҳозирги вақтда республика бўйлаб кечаётган карантин даври сабабли аҳолидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун нақд пул йиғимлари ташкил этилмаётганлиги ҳамда нақд пул тўловларни қабул қилиш кассалари фаолият юритмаётганлиги сабабли санитар-тозалаш корхоналари, хусусан “Махсустранс“ ҳамда “Тоза ҳудуд“ ДУКлари махсус техникаларини ёнилғи мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш, уларга ўз вақтида таъмирлаш хизмати кўрсатиш ҳамда ходимларни ойлик иш ҳақини беришда муаммолар юзага келмоқда.
Бугунги эпидемиологик вазиятда шаҳримиз ҳудудларининг тоза ва озода бўлиши эса жуда муҳим саналади. Санитар-тозалаш корхоналарининг эса бу борада ўрни беқиёс. Улар мураккаб вазиятга қарамай юртдошларимизнинг озодалигини таъминлаш борасида карантинга қарамай меҳнат қилаётган ходимлар сирасига киради.
Бугунги барчамиз учун мураккаб вазиятда имкони борича бизларнинг озодалигимизни таъминлаётган ҳамюртларимиз ўз вақтида маошларини олишлари учун маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетилганлиги учун тўловларни баҳолиқудрат амалга ошириш талаб этилади. Акс ҳолда мазкур соҳада фаолият юритаётган ходимлар ойлик маош билан таъминланишида муаммолар юзага келиб, улар қисқартирилишига олиб келинади.
Бу борада абонентларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг телеграм ижтимоий тармоғида @mibuzbot расмий канали ва Play Marketʼда Clean City Abonent иловаси ишга туширилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетилганлиги учун тўловларни амалга оширишингизни сўрайди.
Шаҳримиз озодалиги бизнинг қўлимизда!