Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳтумқули ижоди – умумбашарий маданий мерос
21:52 / 2022-04-26

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика туркман миллий маданият маркази ва Туркманистонннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Маҳтумқули ижоди ўзбек ва туркман халқлари дўстлиги тимсоли” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ҳам иштирок этган анжуман яхши қўшничиликка асосланган Ўзбекистон - Туркманистон ҳамкорлигини кучайтириш, маданий-маърифий алоқани ривожлантириш орқали қардош халқларимиз тарихи, маънавий қадрияти, буюк намояндалар ҳаёти ва ижоди билан ёш авлодни таништиришга хизмат қилди.

Дастур доирасида дастлаб Тошкентдаги Маҳтумқули барельефи пойига гул қўйилди. Адиб китоблари, туркман миллий ҳунармандлик асарлари ва гиламлари кўргазмаси намойиш қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик муносабатини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни жараёнда ҳар икки халқ учун бирдек қадрли бўлган Маҳтумқули шахсига нисбатан эҳтиром ўзига хос ўрин эгаллайди. Пойтахтимизда улуғ шоир номидаги кўча, унинг тимсолини акс эттирган ёдгорлик, шунингдек, Туркманистон рамзи ифодаси - “Ашхобод” боғи мавжудлиги фикримизга яққол мисол.

[gallery-6818]

Тадбирда қўмита раиси Рустамбек Қурбонов шоир ижоди икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, қардошлик риштасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладиди.

– Ўзбекистонда қардош халқларнинг буюк шахсларига беқиёс ҳурмат, эҳтиром кўрсатилади, – деди Р.Қурбонов. – Таниқли адиблар ҳаёти, ижоди билан боғлиқ шонли саналар кенг нишонланади. Бундай анжуманлар юртимизда миллий маданий марказлар фаолиятини такомиллаштириш, бундай тузилмаларнинг моддий-техник базасини яхшилашга қаратилган қатор амалий ишлар самараси сифатида намоён бўляпти.

Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Мамедов, ўз навбатида, республикада миллий маданий марказларга кўрсатилаётган амалий ёрдам учун қўмита раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Айниқса, унинг “Маҳтумқули Фироғий ижоди – умумбашарий маданий мерос” мавзусидаги маърузаси йиғилганларда илиқ тассурот қолдирди.

Анжуман якунида туркман, озарбайжон, қозоқ миллий маданий марказлар фаоллари томонидан тайёрланган концерт дастури иштирокчилар диққатига ҳавола этилди.

Беҳруз Худойбердиев, Алимурот Мамадаминов (сурат), ЎзА