Бугунги илғор ривожланиш, тараққиёт даврида ҳар турдаги хавфсиз ва сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариб, истеъмолчига тақдим этиш, бу жараёнда сифат назоратини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Маҳсулотларни яратишда, ишлаб чиқариш, қабул қилиш ва топширишда, реализация қилишда мукаммал синовдан ўтказиш унинг истеъмолчига сифатли тарзда етказиб берилишига хизмат қилади. Мазкур жараёнда сифат назоратини амалга оширувчи масъул ташкилотлар ҳамда синов лабораторияларининг ўрни муҳим.
Пойтахтимизда “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги “Ўзбекистон илмий-синов сифат назорати маркази” давлат унитар корхонаси иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маҳсулотларнинг сифат назоратини амалга ошириш ишлари, синов лабораториялари фаолияти, уларни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида маълумотлар берилди.
“UzTest” давлат унитар корхонаси ўз фаолияти давомида лабораторияларни модернизация қилиш, синов базасини доимий янгилаш, замонавий ускуналар ёрдамида халқаро стандартлар бўйича синов услубларини ўзлаштириш, маҳсулотлар сифатини ошириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
— – Айни пайтда республикамизда “UzTest” ДУК таркибига кирувчи 16 та ҳудудий филиал, 32 та синов лабораторияси, 6 та сертификатлаштириш идораси, маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюролари тадбиркорларга мувофиқликни баҳолаш тизимининг турли тармоқлари бўйича хизмат кўрсатиб келмоқда, – деди матбуот анжуманида “Ўзбекистон илмий-синов сифат назорати маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари Жаҳонгир Абдуқодиров. – Корхона тизимидаги мувофиқликни баҳоловчи идоралар озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш, машинасозлик, енгил саноат маҳсулотлари, нефть ва кимё, электротехника ва бошқа турдаги маҳсулотлар бўйича сертификатлаштириш ишларини амалга ошириб келмоқда. Корхона томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қатор хорижий компания ва ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Матбуот анжуманида синов лабораторияларининг аҳамияти, бугунги кундаги фаолияти, йўналишлар бўйича лабораториялар ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда 300дан ортиқ лаборатория мавжуд. Таъкидланганидек, синов лабораториялари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича халқаро кредитларни ўзлаштириш учун қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган. Жумладан, Жаҳон банкининг 9,5 миллион долларлик имтиёзли кредити ҳисобига жами 8 та қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини синаш лабораториялари модернизация қилинади. Чехиянинг “UniCreditbank”идан олинган 4,2 миллион доллар кредит эвазига техник воситаларнинг электромагнит мослашувчанлигини аниқлаш лабораторияси ташкил этилади. “Олмалиқ кон металлургия комбинати” ва “Ўзметкомбинат” АЖ маблағлари ҳисобига 3 та металлургия маҳсулотларини синаш лабораториялари модернизация қилинади.
Бундан ташқари, маҳсулотлар синовларини амалга ошириш, вилоят марказларидан олис туманларда маҳсулотлар намунасини қабул қилиш ва лабораторияларга етказиш юзасидан логистика хизматлари йўлга қўйилади.
Бугунги кунда синов лабораторияларида экспресс методлар жорий этилган. Бу эса тадбиркорларнинг вақти ва маблағи тежалишига, синовлар ишончлилиги ортишига хизмат қилади. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини халқаро стандартлар асосида синаш, дунё бозорига экспорт қилиш имкониятини яратади.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, бугунги кунда 78 та сертификатлаштириш маркази фаолият олиб бормоқда. Ўтган 2020 йилда 140 мингта сертификат берилган. Синов лабораториялари ва сертификатлаштириш марказларининг самарали фаолияти, сифат назоратининг оқилона йўлга қўйилиши маҳсулотлар сифатини оширишга, рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, маҳсулотларнинг экспорт салоҳияти ортади, ички бозор сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилинади.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ички бозорда сифатсиз маҳсулотлар аниқланаётгани, бундай маҳсулотлар истеъмолчиларга етиб келишининг олдини олиш борасида қандай чоралар кўрилаётгани каби қатор саволлар билан мурожаат қилди. Саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА