Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳсулотларнинг 92 фоизи талабга жавоб бермайди – Назорат инспекцияси
17:19 / 2025-05-19

Инспекция томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 191 нафар мансабдор шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 212, 213 ва 214-моддалари асосида ҳуқуқбузарлик баённомалари тузилди. Шунингдек, 57 та субъектга нисбатан 125,8 миллиард сўмлик молиявий жазолар белгиланди.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида олиб борилган комплекс назорат ишлари тўғрисида маълумот берилди.

Унда қайд этилишича, жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида 126 та корхонада текширувлар ўтказилган. Текширувлар давомида истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва молиявий манфаатларига жиддий хавф туғдирувчи ҳолатлар аниқланган. Назорат ишлари натижасида жами 298 турдаги маҳсулот лаборатория шароитида синовдан ўтказилди. Бу маҳсулотлар кундалик истеъмолда бўладиган товарлардан тортиб, саноат учун мўлжалланган мураккаб техник жиҳозларгача бўлган турли номенклатуралардир. Бу эса сифатсиз маҳсулотлар оқибатида истеъмолчилар соғлиғига етказилиши мумкин бўлган зарар хавфини оширмоқда. Ажабланарлиси шундаки, улардан 275 таси ёки 92,2 фоизи белгиланган техник регламент ва миллий стандартларга мос келмаслиги аниқланди. Ушбу маҳсулотларнинг умумий қиймати 4 миллиард сўмдан ортиқ бўлиб, бу кўрсаткич жамоатчилик эътиборини кучайтиришни талаб этмоқда.

Давлат назорати доирасида 1662 дона ўлчаш воситаси кўздан кечирилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 540 та ўлчов воситаси қиёсланмаган ҳолатда фойдаланилган бўлиб, бу умумий воситаларнинг 32,4 фоизини ташкил қилади. Айниқса, озиқ-овқат, тиббиёт ва энергетика соҳаларида ушбу воситалар ишончли бўлиши талаб этилади. Аммо қиёсдан ўтмаган воситалар нафақат истеъмолчининг ҳуқуқларини поймол қилмоқда, балки иқтисодий мувозанатга ҳам салбий таъсир ўтказмоқда.

[gallery-23439]

Бозор муомаласига чиқаётган маҳсулотларнинг ярми сертификатлаш талабларига риоя қилинмасдан ишлаб чиқарилган. Аниқроқ айтганда, 36 турдаги маҳсулотлар сертификатсиз ҳолатда муомалада бўлиб, уларнинг умумий қиймати 229,1 миллиард сўмни ташкил этди.

Республика бўйлаб ўтказилган текширувларда айрим ҳудудларда камчиликлар сони юқори бўлди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 2,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар талабга жавоб бермайди. Қорақалпоғистон Республикасидаги 21,9 миллиард сўмлик маҳсулотлар регламентга зид. Жиззах вилоятида 21,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар сифатсиз ҳолатда аниқланган. Сурхондарё вилоятида 21,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар истеъмолчи хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Бу кўрсаткичлар ҳудудий инспекция бўлимларининг иш самарадорлигини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.

Лифт, эскалатор, совутгич, кабел, радиатор ва бошқа хавфли техник маҳсулотлар учун жами 797 та ҳужжат кўриб чиқилди. 143 та ҳужжатда камчилик аниқланиб, ҳужжатлар қайта ишлаб чиқиш учун ишлаб чиқарувчиларга қайтарилди. 11 та сертификат эса амалда йўқ деб топилди.

Қонунбузарликларнинг олдини олиш, корхоналарни хабардор қилиш ва профилактика ишларини кучайтириш мақсадида республика бўйича жами 7963 та тадбиркорлик субъектига огоҳлантирув хатлари юборилди. Фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 1347 та огоҳлантириш хати жўнатилган.

Малака баҳолаш доирасида 249 та корхона билан шартномалар тузилиб, улардан 147 таси техник малакага эга деб топилди. 12 та корхона эса талаб этилган камчиликларни бартараф этмагани сабабли тасдиқланмади.

Сертификатлаштириш идоралари томонидан тақдим этилган 300 та тўпламдан 297 тасида ҳужжатларда номувофиқлик аниқланиб, тизимли камчиликлар фош этилди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида олиб борилган назорат ишлари, аниқланган қонунбузарликлар ва қўлланилган чора-тадбирлар – бу соҳада шаффофлик, хавфсизлик ва ишончлиликни таъминлаш йўлида ташланган муҳим қадам. Айни дамда тизим ичидаги муаммолар юзасидан кескин ва қатъий чора кўрилмоқда.

Келгусида эса ушбу соҳадаги тартиб-интизомни янада мустаҳкамлаш, қонунбузарликларни минимал даражага тушириш асосий вазифа этиб белгиланган.

Ш.Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА