Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухоро вилояти Шофиркон туманида тадбиркорлик ва ҳунармандчилик соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, оилавий анъаналар асосида ҳунар сирларини асраб, уни замон талабларига мос равишда ривожлантираётган усталар бунга ёрқин мисол. Шундай фидокор оилалардан бири қоракўл теричилиги соҳасининг моҳир усталари сифатида танилган Шариповлар сулоласидир.
Оила азалдан теричилик ва миллий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади. Оиланинг асосчиси Қодир бобо Шарипов ёшлигидан терини ошлаш, уни сифатли тайёрлаш сирларини ўрганиб, ўз меҳнаткашлиги ва сабр-тоқати билан бу соҳада ўз мактабини яратган. Бугунги кунда эса унинг авлодлари — Тойир бобо Шарипов, Назир Тойиров ва Нодир Шарипов бу қадимий ҳунарни замонавий услубда давом эттирмоқда.
Ҳозирда оилавий устахонада 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар тайёрланади. Улар орасида бош кийимлар, жойнамоз, сўзана, пальто, камзул, оёқ кийимлар ва бошқа қўй терисидан тайёрланадиган миллий маҳсулотлар бор. Иш жараёни тўлиқ табиий меҳнат асосида амалга оширилади. Тери маҳаллий чўпонлардан олинади, оила аъзолари томонидан ошланади ва тайёр маҳсулот ҳолига келтирилади.

Мазкур фаолият нафақат ҳунармандчилик, балки ижтимоий аҳамиятга эга тадбиркорлик йўналиши ҳамдир. Айниқса, куз ойларида асосий ишлаб чиқариш мавсумида устахонада 10 га яқин маҳаллий фуқаролар иш билан таъминланади. Ҳар бир ишчи мавсум давомида ўртача 6-7 миллион сўм даромад топади. Бу эса нафақат оиланинг, балки маҳалланинг иқтисодий барқарорлигига ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Тайёрланаётган маҳсулотлар бугун нафақат Ўзбекистон бозорида, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топган. Уларнинг маҳсулотлари Туркия ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда, бу эса миллий ҳунармандчилигимизнинг халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганидан далолат беради.

Шофиркон туманидаги ана шундай намунали оилалар ўзининг меҳнати, сабр-тоқати ва санъатга бўлган эътиқоди билан қадимий ҳунарни авлоддан-авлодга ўтказмоқда, миллий меросни асраб, уни янада юксак босқичга олиб чиқмоқда.
Бугун Халқ банки вилоят филиали раҳбарининг аёллар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Наргиза Латипова бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур оиланинг фаолиятини жойида ўрганди. Устахонадаги жараёнлар, ишлаб чиқариш ҳажми, мавжуд муаммолар ҳамда ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди. Мутасаддилар томонидан фаолиятни кенгайтириш, маркетинг ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалий кўмак кўрсатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.