Мамлакатимизда товар ва хизматлар бозорини шаффофлаштириш, ҳисоб-китобларни аниқ юритиш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришда Маҳсулотлар ва хизматларнинг идентификация кодлари (MXИК) муҳим аҳамият касб этмоқда.
Солиқ қўмитаси ҳузурида юритилаётган Маҳсулот (товар ва хизматлар) ягона электрон каталоги маълумотларига кўра, айни пайтда ушбу тизимда жами 423,6 мингта идентификация коди мавжуд. Шундан 422 800 таси маҳсулотлар (товарлар), 894 таси хизматлар ҳиссасига тўғри келади.
Бу кўрсаткичлар иқтисодиётнинг деярли барча соҳалари қамраб олинганини ва электрон ҳисоб-китоблар тизими изчил равишда ривожланаётганини кўрсатади.
Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилнинг январь ойида республика миқёсида MXИКлардан фойдаланиш сезиларли даражада ошган. Хусусан, 102,7 мингта корхона томонидан 3,1 миллиондан ортиқ электрон ҳисоб-фактура (ЭҲФ) расмийлаштирилиб, уларда 52 883 та MXИК қўлланилган. 141,6 мингта корхона томонидан берилиб, аҳолига тақдим этилган 92,2 миллиондан зиёд харид чекларида эса 98,8 мингта MXИК ишлатилган.
Бу рақамлар тадбиркорлик субъектларининг электрон ҳисоб-китобларга фаол ўтаётгани, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида тартиб-интизом кучаяётганидан далолат беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, MXИК тизими қатор муҳим вазифаларни бажаради. Маҳсулот ва хизматларни аниқ идентификация қилиш, солиқ ҳисоботларида хатоларни камайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, статистик маълумотларнинг ишончлилигини оширади.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, MXИКдан фойдаланиш мажбурий бўлган соҳалар босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, солиқ тушумларини барқарор таъминлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Маҳсулот ва хизматларни идентификация қилиш кодлари тизими нафақат солиқ маъмуриятчилигини, балки бутун иқтисодий муносабатлар шаффофлигини оширишда муҳим воситага айланмоқда. Корхоналар томонидан MXИКдан фаол фойдаланиш эса рақамли ислоҳотларнинг амалдаги самарасини яққол намоён этмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА