Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Эркабай Таджиев Нукус шаҳридаги деҳқон бозорида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасида аҳолига етказиб берилаётган маҳсулотлар сифати ва нарх-навоси, савдо шохобчаларида харидорлар ва сотувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ярмаркада мамлакатимиз вилоятларидан арзонлаштирилган 26 тонна пиёз маҳсулоти олиб келиниши ва арзон нархларда сотилиши таъминланмоқда. Ҳудудларда ҳам ташкил этилган ярмаркаларга қўшимча равишда вилоятлардан пиёз маҳсулотларини олиб келиш ишлари бошлаб юборилиб, ҳозиргача 175 тонна пиёз сотувга чиқарилди.

Ҳозирги совуқ об-ҳаво шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли сақлаш ва аҳолига арзон нархларда сотилишини таъминлаш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликлари, Департамент бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасидан масъул ходимлар бириктирилиб, уларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон товар-хом ашё биржасининг Қорақалпоғистон филиалида биржа савдоларида АИ-80 маркали бензин маҳсулотининг савдога чиқарилиши, белгиланган нархларда сотилиши жараёни билан танишилиб, ишларни тўғри ва самарали ташкил этиш бўйича прокуратура ходимлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. Бугунги кунда АИ-80 маркали 250 тонна бензин маҳсулоти савдога чиқарилиб, Қорақалпоғистон Республикасидан жами 51 та тадбиркорлик субъекти томонидан сотиб олинди ва ҳозирда 136 та тадбиркорлик субъекти биржа савдоларида иштирок этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА