Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳсулотлар экспорти ўтган йилга нисбатан 123,3 фоизга амалга оширилди
11:08 / 2021-11-30

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан соҳа корхоналари иштирокида 2021 йилни муваффақиятли якунлаш чоралари ҳамда 2022 йилда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбир давомида бугунги кундаги энг катта муаммо — контрафакт маҳсулотлари тарқалишининг олдини олиш, корхоналарнинг лицензия талабларига амал қилишини таъминлаш, маркировка тизимини назорат қилиш каби муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Агентлик директори Р.Бобоев бу борада соҳани ривожлантиришга қаратилган 8 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарорлари ишлаб чиқилганини, натижада агентлик томонидан маҳсулотнинг хомашёдан истеъмолчигача бўлган жараёнларини доимий назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилганини таъкидлади.

Ўтган давр мобайнида Лицензиялаш комиссияси хулосасига кўра, агентлик томонидан алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо фаолиятини юритиш бўйича корхона ва ташкилотларга жами 186 та лицензиялар берилди. Бундан ташқари, соҳадаги тадбиркорларга қулай шароит яратиш мақсадида алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш (шу жумладан, умумий овқатланиш) учун рухсат гувоҳномасини олиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органини хабардор қилиб фаолият юритиш тартиби жорий этилди.

Ноқонуний олиб кирилган ва реализация қилинаётган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш бўйича жамоатчилик назоратини таъминловчи махсус дастурий (мобиль) илова ишга туширилди ҳамда ушбу илова доимий равишда масъул ходимлар томонидан назорат қилиб борилади.

Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва истеъмолчига сотишгача бўлган жараённи назорат қилиш ҳамда контрафактни олдини олишга имкон берувчи ҳисобга олиш ахборот тизимини жорий этиш мақсадида 51 та корхонада маркировкалаш тизими йўлга қўйилди. Шу билан бирга, корхоналардаги асосий ишлаб чиқариш ускуналарини идентификация кодлари орқали маркировкалаш тизими ҳам йўлга қўйилмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, соҳада жорий йилнинг ўтган даврида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан бирмунча ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, соҳа корхоналари бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 триллион сўмни, яъни ўтган йилга нисбатан 101,5 фоизга ўсишни ташкил этган.

Соҳада маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш муҳим масалалардан биридир. Бу борада бир ярим йил давомида экспорт географияси кенгайтирилиб, 24 та давлат қамраб олинди. Соҳа корхоналари томонидан маҳсулотлар экспорти 38,8 миллион доллар ёки прогнозга нисбатан 117,2 фоиз, ўтган йилга нисбатан эса 123,3 фоизга амалга оширилди. Бунда бир қатор корхоналар ҳисобот даврида экспорт топшириғини ортиғи билан бажарганлиги алоҳида қайд этилди.

Соҳа ривожи янги ва замон талабларига жавоб бера оладиган узумзорлар барпо қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармасидан 2019-2021 йиллар давомида ҳудудлардаги 159 та фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан яратилган саноатбоп узумзорларга жами 69 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Шундан 5,5 минг гектар янги токзорларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга 30,5 миллиард сўм, сув таъминоти оғир лалми майдонларда 193 дона артезиан қудуқлари ўрнатиш тадбирларига жами 23,2 миллиард сўм ҳамда барпо этилган саноатбоп навли узум кўчатларини шпалерга кўтаришга 986 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган. Ушбу кўрсаткичлар соҳага қаратилаётган эътиборнинг нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатади.

Тадбир давомида ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо корхоналари ўртасидаги маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартномалар тузиш, маҳсулот учун олдиндан маблағ ўтказиш, тайёр маҳсулотни барча талабларга асосан реализация қилиш, етказиб берилган маҳсулот учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, юзага келадиган муаммоларни тезлик билан ҳал этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Соҳа фаолиятида шаффофликни таъминлаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини қатъий назорат қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда соҳа меҳнаткашларининг шароитларини янада яхшилаш ва қўшимча ишчи ўринларини яратиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.  

[gallery-4867]

  Д. Сиддиқова,  

                                                         Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда                                                                                                                                                                                                         виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби.  ЎзА