Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳсулотга талаб ортмоқда
15:32 / 2025-05-28

Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Ширин қишлоғи ўзига хос анъана ва қадриятлари, миллийлигини мужассам этган этнотуризм қишлоқлари қаторида сайёҳлар ва меҳмонлар қадами аримайдиган сўлим масканга айланмоқда.

Жумладан, қадимий урф-одат ва анъаналар қайта тикланаётган масканда шўрданак ва нишолда тайёрлаш маҳорат дарслари, қадимги таомларни пишириш, қишлоқ тандирларида нон ёпиш, асал тортиш жараёни, ҳалим пишириш, миллий ҳунармандчилик намуналари билан банд хонадонлар сони ортиб бормоқда.

“Ширин” этнотуризм қишлоғи ва унинг айни кундаги ўзига хос миллий намунадаги инфратузилмаси, янгича ва миллий қиёфа касб этаётгани баробарида бунда одамлар турмуши фаровонлашиб бормоқда. Қишлоқда “Shukrona Water” МЧЖ фаолияти йўлга қўйган бўлиб, мазкур ишлаб чиқариш иншоотига маҳаллий тадбиркор Тўймурод Самиев раҳбарлик қилади.  

– Бундан уч йил илгари Хитойдан умумий қиймати 2 миллиард сўмга тенг бўлган, йилига 250 минг тонна сувни қайта ишлаб, яхна ичимликлар қадоқлашга ихтисослашган янги замонавий технологияни харид қилганмиз, –дейди тадбиркор Тўймурод Самиев. – Бугунга келиб корхонамизда 50 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган бўлса, улар орасида ёшлар, коллеж ва мактаб битирувчилари, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалардан ишсиз аёллар банд қилинган. Корхонада кунига 6 минг блок, 11 турдаги яхна ичимликлар ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотлар тумандан ташқари Хоразм, Навоий, Самарқанд, вилоятлари савдо дўконларига ҳам етказиб берилмоқда.

Албатта, айни иссиқ кунларда салқин ичимликларга талаб ҳам кўпайиб бормоқда. Корхонада янги технология асосида иш олиб борилаётгани эса маҳсулотнинг сифати ва юқори ишлаб чиқариш суръатларини таъминлаётгани сабаб жамоа моддий манфаатдорлигини оширмоқда. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.