Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳсулот ва хизматларга бўлган эҳтиёж: амалиёт ва самара
13:04 / 2022-08-01

Президентимиз раислигида жорий йил 11 март куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш ҳамда саноат кооперацияси алоқаларини кенгайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бошқарув Раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан илк марта етакчи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, журналист ва блогерлар иштирокида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг 2022-2023 йилларда маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ҳамда хизматларга бўлган эҳтиёжига бағишланган тақдимот ўтказилди. 

Шўртан газ-кимё мажмуасида ўтказилган мазкур тадбирга 150 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, 20 дан ортиқ журналист ва блогерлар таклиф этилди. Тадбирда дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2022 йил учун товарларга бўлган эҳтиёжлари тўғрисида маълумот берилди.  Таъкидланишича, жорий йилда тизим корхоналари томонидан 1,9 триллион сўмлик маҳсулотлар хариди амалга оширилади. Шундан 520 миллиард сўм – жорий таъмирлаш ишлари, 54,2 миллиард сўм – қудуқларни таъмирлаш, 619 миллиард сўм – бурғилаш ишлари, 742 миллиард сўм излов қидирув ишларига йўналтирилади. 

Таҳлиллар асосида шуни айтиш мумкинки, жамиятнинг импорт маҳсулотларга бўлган эҳтиёжининг асосий қисмини мустаҳкамловчи қувурлар, насос-компрессор қувурлари ва  долотолари ташкил қилади. Жамият эҳтиёжи доирасида асосий импорт маҳсулотлардан бўлган бурғилаш долота маҳсулотларини Германиянинг “ONS FrankrfurtGmbH” компанияси билан тегишли “йўл харитаси” асосида маҳаллийлаштириш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда ва жорий йилнинг июль ойида дастлабки партия тажриба-саноат синовлари учун етказиб берилди. 

[gallery-8093]

2023 йил учун 2,27 триллион сўмлик товар моддий бойликлари хариди учун бошланғич эҳтиёж шакллантирилганлиги ва якуний эҳтиёжлар рўйхати қонунчиликда белгиланган тартибда махсус электрон порталларга жойлаштирилиши маълум қилинди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда тизим корхоналари харидларида маҳаллий корхоналар улушини босқичма-босқич кенгайтириб бориш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижада, тармоқнинг умумий харидлари ҳажмида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улуши 2018 йилдаги 17 фоиздан 2021 йилда 28 фоизгача ортди. Сўнгги уч йилда жами 450 га яқин турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. 
Тадбиркорлар билан доимий алоқани йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий корхоналар орасида илк марта тармоқ Виртуал кўргазмаси (ung-cooperation.uz) янгича дизайнда ташкил этилиб, унда мавжуд маҳсулотлар бўйича барча зарур маълумотлар қайта янгиланди, хусусан 4 минг турдан ортиқ маҳсулотнинг тўлиқ техник топшириқномалари порталга жойлаштирилди. 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ жорий йилдан бошлаб ҳафтанинг душанба-сешанба кунлари саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш кунларини ўтказмоқда. Унда департаментлар, корхоналар техник мутахассислари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида бевосита мулоқот ташкил қилинади. 

Тизимли равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар вакилларини “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарига ташрифлари ҳам амалга оширилиб, унда “маҳсулотбай” режимида саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Хусусан, 28 февраль куни “Ўзбекистон ЖТЛ” заводига, 2 июнь куни Бухоро НҚИЗга ана шундай ташрифлар уюштирилди.  

Ўтган йили ишга туширилган “Ўзбекистон ЖТЛ” заводи эҳтиёжлари учун маҳсулот ва хизматларни маҳаллийлаштириш доирасида биринчи ярим йилликда 21 та ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Айни пайтга келиб, мазкур меморандумлар ижроси доирасида қиймати 74,5 миллиард сўмлик 59 та шартномалар имзоланиб, ижрога қаратилди.  

Шўртан ГКМда илк бор ташкил этилган бугунги тақдимотда заводнинг бевосита механика-таъмирлаш цехида алоҳида “шоу-рум” ташкил этилди. Унда тизим корхоналари учун зарур бўладиган 50 га яқин турдаги товар гуруҳига мансуб бўлган жами 2500 дан ортиқ турдаги моддий-техник ресурслар намойиш этилди. Хусусан, импортда сезиларли улушга эга бўлган кенг ассортиментдаги қувурлар, кимёвий реагентлар, назорат-ўлчов буюмлари, метрология ускуналари бўйича ҳам алоҳида муҳокамалар ташкил этилди. 

“Тармоқ ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи” форматида ўтказилган учрашувда “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ, “Шўртан ГКМ” МЧЖ, “Ўзкоргазкемикал” МЧЖ ҚК, “Ўзбекнефтгаз бурғилаш ишлари” МЧЖ каби корхоналарнинг, шунингдек тизимдаги барча нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаларининг ҳам маҳсулот ва хизматлар эҳтиёжи бўйича алоҳида тақдимотлари ўтказилди. 

Бевосита Шўртан ГКМ ҳудудида “Ўзбекнефтгаз” МЧЖ билан кооперация ҳамкорлигини ўрнатиш истагида бўлган Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган “Cold fire” МЧЖ томонидан маҳаллийлаштирилган ёнғин ўчириш асбоблари учун фойдаланиладиган кимёвий реагентлар намойиши ҳам ўтказилди. 


Ўлмас Баротов,  
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.