English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳсулот сифати, иш кўлами янада ошади
16:50 / 2023-08-19

Президентимизнинг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи доирасида “Қоракўл кумуш калава” тўқимачилик фабрикасининг янги линияси иш бошлади. Ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган муассасада 320 киши ишли бўлди.

Пахта толасини қайта ишлаш орқали кумуш калава ишлаб чиқараётган корхона эндиликда кластер корхоналарига яратилган имконият сабаб тўқима матони хорижга экспорт қилади. Қарийб 15 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа учун Хитойдан замонавий дастгоҳлар олиб келинган. Европа давлатларига 9 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. 

– Тадбиркорлик фаолиятимизни бошлаганимизда тўқимачилик кластер фаолиятини қанақа юритамиз деган савол олдимизда турган эди, – дейди “Қоракўл кумуш калава” МЧЖ раҳбари Асрор Мансуров. –Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган янги янги имкониятлар, шароитлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар бизни фаолиятимизга туртки бўляпти. Маҳсулотларимизга талаб ортмоқда. Айни пайтда Россия, Хитой, Туркия давлатлари билан узоқ муддатли экспорт шартномалари имзоланган. 

Янги лойиҳа иш бошлаганидан туман аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар жуда мамнун. 

–Мен ушбу корхонада тўқув цехида оператор бўлиб ишлайман, – дейди корхона ишчиси Нилуфар Аралова. – Ишим маҳсулот сифатини текширишдан иборат. Бир кунда 8 соат иш режимида ишлаймиз. Корхонада ишчи-ходимлар учун барча шароитлар яратилган. 

[gallery-13185]

Президентимизнинг кластер корхоналарига юксак эътибори ва ишончи бежизга эмас. Ушбу ишонч сабаб корхона учинчи босқичда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни, ишчи ўрнини кенгайтиришни, энг асосийси сифат жиҳатидан рақобатбардош кийим-кечаклар ишлаб чиқариб, экспорт салоҳиятини икки баробарга оширишни мақсад қилган. 

Мақсадни катта олаётган корхоналар шунга яраша рағбатни ҳам ҳис қиляпти. Президентимизнинг Бухорога ташрифи давомида худди шундай ўнга яқин лойиҳага старт берилди. Эътиборлиси, минглаб аҳоли иш билан таъминланди. 

Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА