English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мaҳсулот экспорти йилдан йилга ортмоқда
16:13 / 2021-08-09

Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми йилдан йилга ортмоқда.

ОКМК Металлургия хом ашёси билан таъминлаш ва сотиш бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ-июл ҳолатига кўра, комбинат томонидан 647 миллион 313 минг долларлик маҳсулот хорижлик ҳамкорларга жўнатилган. Режавий вазифа эса 141,4 фоизга уддаланган ҳолда, ўсиш суръати 163,3 фоизни ташкил этган. Июл ойида 98 миллион 857 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, белгиланган режа 138 фоизга бажарилган.

Экспорт қилинадиган маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда, ўтган етти ойда 55 минг 61 тонна мис маҳсулотлари импортёрларга етказиб берилган. Хусусан, 45 минг 766 тонна мис катоди экспорт қилинган. 6 минг 188 тонна мис катанкаси экспорти амалга оширилди. Мис қувурлари экспорти йўналишида вазифалар ортиғи билан бажарилиб, 3 минг 107 тонна маҳсулот хорижлик ҳамкорларга юборилган.

Йилдан йилга тобора харидоргир бўлиб бораётган рух маҳсулотлари экспортида ҳам юқори натижалар кузатилган қувонарли. Хусусан, январ-июл ҳолатига кўра, 39 минг 734 тонна рух маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Нодир ва қимматбаҳо металлар, жумладан, рений экспортида 317,8 фоиз, кадмий экспортида 228,9 фоиз, молибден маҳсулотлари экспортида 138,1 фоизлик натижа кузатилган.

Кимё саноатида муҳим аҳамият касб этувчи сульфат кислотаси экспорти ҳам ошаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хорижлик харидорларга ушбу маҳсулотдан ўтган даврда 57804 тонна етказиб берилган.

Комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорти географияси Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Полша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Aфғонистон каби давлатларни қамраб олган.

 

 

А.Мусаев, ЎзА