Жиззах вилоятида “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида ўтказилаётган “IV Устозлар миллий форуми” мамлакат таълим тизимида инновацион ёндашувлар, педагогик жараённинг мазмун ва моҳияти ҳамда методик янгиланиш заруратини амалда намоён этмоқда.
Форум фақатгина тажриба ва билим алмашиш майдони бўлиб қолмай, балки амалий ечимлар манбаи сифатида ҳам хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида илғор тажриба эгалари, Президент таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқитувчилари иштирокида маҳорат дарслари, таҳлилий муҳокамалар ва тренинг машғулотлар ташкил этилди. Улар орқали замонавий ўқитиш услублари кенг тарғиб этилди.
Форумда ўқув-методик мажмуаларнинг амалиётдаги аҳамияти қайта баҳоланди. Уларнинг ҳар бир бўлими ўқувчи таълимий эҳтиёжларига қанчалик мос экани таҳлил қилинди. Самарали фойдаланиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилиб, дарсликларда қўлланилаётган илғор методик ёндашувлар қайта кўриб чиқилди. Мутахассислар бу методикаларнинг мазмун жиҳатидан бойлиги, болаларнинг ёш ва психологик хусусиятларига мослиги ҳамда дарс жараёнида фаолликни оширишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Намунавий дарслар орқали замонавий дарсларни ташкил этиш усуллари амалий жиҳатдан намойиш этилди. Ўқитувчилар билим бериш эмас, балки билимни шакллантиришда фаол иштирокчига айланиши зарурлиги уқтирилди.
Баҳолаш тизими ҳам таҳлил этилди. Натижага эмас, балки ўқувчи ўсиш траекториясини ҳисобга оладиган, жараёнга асосланган мезонлар муҳим экани қайд этилди. Бундай ёндашув ўқитувчининг ўз фаолиятини таҳлил қилиш ва назорат қилиш қобилиятини ҳам оширади.
Бошланғич таълимда информатика ва ахборот технологиялари фанини босқичма-босқич жорий этиш масаласи алоҳида муҳокама марказига айланди. Болаларни ёшликдан рақамли дунёга тайёрлаш, логик тафаккурни ривожлантириш ва рақамли саводхонликни шакллантириш таълимнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Жанубий Корея тажрибаси асосида мактабгача таълимда ўйин орқали ўқитиш, рақамли таълим платформаларидан самарали фойдаланиш ва “eMaktab” имкониятларини кенгайтириш каби масалалар ҳам форум кун тартибидан муҳим ўрин эгаллади.
Форум амалда таълим тизимидаги энг янги ғоя ва ечимларни тўплайдиган, улашадиган ва амалиётга татбиқ этувчи самарали платформага айланмоқда.
[gallery-24759]
Тадбир доирасида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Иштирокчиларнинг барча саволларига Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шоҳида Даманова ҳамда бошқарма бошлиғи ўринбосари Темур Султоновлар томонидан батафсил жавоблар берилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари