French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳоратли шахматчилар “Президент кубоги – 2025” ғолиблиги учун курашади
15:08 / 2025-12-03

Эртага пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида умумий мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат “Президент кубоги – 2025” халқаро шахмат турнири бошланади.

Бугун, 3 декабрь куни мазкур нуфузли мусобақанинг “Masters”, “A” ва “B” гуруҳларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган шахматчилар Тошкентга етиб келди.

Мусобақа дастурига биноан бугун техник қўмита йиғилиши, шунингдек эртага ўтадиган 1-тур ўйинлари учун қуръа ташлаш маросими ташкил этилади.

“Президент кубоги – 2025” халқаро турнирининг “Masters” гуруҳида Ниҳал Сарин (Ҳиндистон), Шант Саргсян (Арманистон), Александер Грисчук (ФИДЕ), Фредерик Сване (Германия), Шамсиддин Воҳидов (Ўзбекистон), Юрий Кузубов (Украина), Максим Лагарде (Франция), Бардия Данешвар (Эрон), Абдумалик Абдусалимов (Ўзбекистон) ва Муҳиддин Мадаминов (Ўзбекистон) дона суриши белгиланган бўлса, “A” гуруҳида 12 та мамлакатнинг 120 нафар, “B” гуруҳида 5 та давлатнинг 150 нафар шахматчиси иштирок этиши кутилмоқда.

“Masters” гуруҳида 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 8 минг, 2-ўрин соҳиби 6 минг ва 3-ўриндан жой олган шахматчи 5 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

“А” гуруҳи ғолиби 6 минг, “В” гуруҳида биринчиликни қўлга киритган иштирокчи 3 минг АҚШ доллари билан мукофотланади.

9 та турдан иборат бўлган “Президент кубоги – 2025” ўйинлари 12 декабрга қадар давом этади.

Эртага халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросими ва 1-тур ўйинлари ташкил этилади.

Т.Рўзиев,

ЎзА