Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳоратли режиссёр билан учрашув
10:06 / 2022-09-14

Моҳир режиссёр Зулфиқор Мусоқов баландпарвозликдан, пафослардан йироқ бўлган, ҳақиқатни борича кўрсатувчи ижодкор саналади. Шу сабабли ҳам унинг фильмлари халқимизда катта обрў қозонган. Шунинг учун ҳам режиссёр яратган картиналар халқаро кинофестивалларда бир неча бор совринли ўринларга сазовор бўлган.

Ўзбекистон Бадиий академиясида режиссёр Зулфиқор Мусоқов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.   

Зулфиқор Мусоқов ўзининг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”, “Кичкина табиб”, “Ойижон”, “Осмондаги болалар – 1-2”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Қовун”, “Хазонрезги”, “Новда”, “Дадам бетоб” каби фильмлари ва “Аёл зоти” телесериали билан мухлислар қалбидан чуқур жой олган. Ижодкор фильмлари халқчиллиги, самимийлиги, ҳаёт ҳақиқатини ўзида ифода этгани билан ажралиб туради.   

Режиссёрнинг «Ватан» фильми 2007 йилда Малайзияда ўтказилган 50-Халқаро кинофестивалда «Осиёнинг энг яхши фильми» номинациясига даъвогарлик қилган. 2011 йилда режиссёр суратга олган «Қўрғошин» бадиий фильми Россияда бўлиб ўтган «Киношок» Халқаро кинофестивалида қатнашиб, «Энг яхши сценарий» номинацияси совриндори бўлган.   

Зулфиқор Мусоқовнинг миллий кино санъатимиз ривожи йўлидаги меҳнатлари юксак қадрланиб, ижодкор 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати”  ордени, 2006 йилда эса “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвонига сазовор бўлган.   

Академик рассомлар, ўзбек кино санъати намояндалари, Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари ўқитувчи, талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган ижодий учрашувда ўзбек кино санъатига оид масалалар, мамлакатимизда кинематографияни ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди.   

З.Мусоқов иштирокчиларга ўзининг севимли фильмлари ҳақида гапирди. Ижодий лойиҳаларига тўхталди. Иштирокчи мухлисларнинг ўз ижодий фаолияти ҳақидаги саволларига атрофлича жавоб берди.  

Сўзга чиққанлар Зулфиқор Мусоқовнинг ўзбек кино санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган фильмлари билан мухлислар қалбидан чуқур жой олганини эътироф этдилар. Унинг ижодига янги муваффақиятлар тиладилар. Тадбирда муаллифнинг 2021 йилда 25 кун давомида суратга олинган, шарафли касб эгалари - шифокорлар ҳақидаги "Касаллик тарихи" фильми намойиш этилди.   
 
 

Назокат Усмонова,   
ЎзА мухбири