Сайхунобод туманининг Пахтаобод маҳалласида жойлашган “Кураш мактаби” да Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, кураш бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони, шунингдек, 2022 йилги Ханчжоу Осиё ўйинлари ғолибаси Ҳилола Ортиқбоева иштирокида маҳорат дарси ташкил этилди.
Ҳилола Ортиқбоева 2005 йилда Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Бешбулоқ қишлоғида туғилган. У кураш бўйича бир қатор йирик халқаро мусобақаларда, жумладан Осиё чемпионати, Жаҳон чемпионати ва Ёзги Осиё ўйинларида бир неча марта чемпионлик унвонларига эришган.

Хусусан, 2022 йилги Жаҳон чемпионатида 52 кг вазн тоифасида жаҳон чемпиони унвонига эришган ва Хитой Халқ Республикасидаги Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Ханчжоу 2022 Осиё ўйинларида ғалаба қозонган. Бу ютуқлари учун “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.

Маҳорат дарси туман прокуратураси, вилоят кураш федерацияси ҳамда туман спорт мактаби билан ҳамкорликда ўтказилди. Ушбу тадбирда спорт мактаби кураш бўлимининг шуғулланувчилари, уларнинг мураббийлари ва ёш ҳаваскор спортчилар иштирок этишди.

Ҳилола дарс давомида ўзининг спортдаги тажрибаси, эришган ютуқлари, мусобақаларга тайёргарлик жараёни ҳамда халқаро мусобақаларда самарали иштирок этиш сирлари ҳақида атрофлича сўз юритди. Шунингдек, у амалий машғулотлар орқали техник ва тактик усулларни намойиш этди, ёш спортчиларга қимматли тавсиялар берди.
Тадбир якунида иштирокчилар спортчига ўзларини қизиқтирган саволлар беришиб, унинг маслаҳатларидан фойдаланиш имконига эга бўлишди.

– Сайхунободда Жаҳон ва Осиё чемпиони Ҳилола Ортиқбоева иштирокида ўтказилган маҳорат дарсларимиз ёш спортчилар учун фақат илҳом манбаи бўлибгина қолмай, балки улар учун катта рағбат ҳам бўлди. Чунки чемпион ҳам улар каби ёш бўлиб, оддий қишлоқ мактабидан чиққан. Насиб қилса, бу каби маҳорат дарсларини бошқа спорт мактабларида ҳам ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вилоят бўлимининг бошлиғи Маъмурбой Умаров.
Ғулом Примов, ЎзА