Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмуджон Адашев: “Отам билан фахрланаман”
14:43 / 2023-05-09

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги “Хотира хиёбони”да ҳам тантанали маросим ўтказилди.

Тадбирга йиғилганлар қалбида ғурур-ифтихор, бугунги дориломон кунларга шукроналик ҳисси жўш урган. Юртимиз тинчлиги учун бутун инсониятни фашизм балосидан қутқариш учун жонини қурбон қилган мард ўғлонлар хотирланди. Жасур дилбандларини кутиб, илҳақ ўтган мунис оналар, вафо тимсоли бўлмиш ёрлари, азиз фарзандлари бошидан ўтказган мусибатлар такрорланмасин.  

Наманган вилояти ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, таълим муассасалари вакиллари, фаол ёшлар ҳарбий оркестр садолари остида хиёбондаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гуллар қўйди.  

Иккинчи жаҳон урушида мардларча ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг порлоқ руҳига ҳурмат бажо келтирилди. Йиғилганлар майдондаги “Хотира китоби” ни варақлаб, ўтганларни ёд этди. Муаззам ёдгорликка гул қўйиш барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир. Мотамсаро онанинг дил кечинмалари: “Сен доимо қалбимдасан, жигарим!”, деган сўзларини она гўё Ватан бўлиб, халқ бўлиб айтаётгандек...  

Вилоят мудофаа ишлари бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидан фронтга отланган 67 минг 833 кишидан 3 минг 803 нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган, 15 мингдан ортиғи фронтда бедарак йўқолган. 2 минг 26 нафар матонатли ватандошларимиз турли даражадаги орденлар билан қайтган.  

[gallery-11813]

Жумладан, Соли Адашев, Набижон Мингбоев, Михаил Фаязов, Абдусаттор Раҳимов каби ўнлаб наманганлик ўғлонлар собиқ Иттифоқ Қаҳрамони унвони билан тақдирланган. Айни вақтда вилоятда 7 нафар уруш қатнашчиси ҳамда 599 нафар меҳнат фронти фахрийси эъзозу эҳтиромда умргузаронлик қилмоқда. Жойларда бўлиб ўтган учрашувларда давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 18 миллион сўм пул мукофоти ва Президент совғалари, шунингдек, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан 1 миллион сўмдан ёрдам пуллари топширилди.  

Фронт орти фахрийларининг ҳар бирига жами 165 миллион сўмлик ошхона ва мебель жиҳозлари, саккиз турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари туҳфа қилинди.  

– 9 май санаси бизнинг оиламиз учун унутилмас шодиёна сифатида ёдга олинади. Раҳматли падари бузрукворим Соли Адашев Иккинчи жаҳон урушида катта матонат кўрсатиб, 21 ёшида собиқ совет иттифоқи Қаҳрамони унвонига, қатор орден ва медалларга сазовор бўлганлар, – дейди Наманган шаҳридаги меҳнат фахрийси Маҳмуджон Адашев. – Фарзанд учун ота ҳақида гапириш масъулият. Отам машъум урушда мардонавор курашганлар. Ҳатто аёзли қишда оғир ҳолатда Днепр дарёсини автомобиль камерасида сузиб ўтганлари, озиқ-овқат, ётоқ учун жой етишмагани, қорларнинг тагида қолиб кетганлари ҳақида сўзлаб берардилар. Урушдан сўнг халқ хўжалигининг турли тармоқларида масъул ва раҳбарлик вазифаларида самарали фаолият юритдилар. Вафотидан кейин шаҳримиздаги собиқ “Колхоз” кўчаси отам – Соли Адашевнинг номи билан юритиб келинмоқда.  

Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳалла ва гузарларида давом этмоқда. Бундай тадбирлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган аждодларимизнинг жасорати, ёрқин хотираси унутилмас эканини яна бир бор ёдга солади. Бу ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат, мардлик туйғуларини юксалтириши билан янада аҳамиятлидир.  

 

Оқилхон Дадабоев,  

Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.