Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмудхўжа Беҳбудий жисмоний маҳв этилгани билан маънавий йўқ қилинмади! (+видео)
21:10 / 2024-01-19

Жадид ким? Жадид, бу – бугун ҳам, ўтмишда ҳам жамиятни ривожлантиришга хизмат қиладиган, янгиликларни ҳаётга татбиқ этишга, дунёда тенглар ичра тенг бўлган давлатни қуришга интиладиган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, яратувчи инсондир.

Жадидчилик ҳаракати намоёндаларидан бири – улуғ аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий халқ тақдири, фаровон ҳаёти ҳамда юрт тараққиёти учун мураккаб тарихий даврда жаҳолатга қарши маърифат, янгича дунёқараш билан курашган. Шу боис, мамлакатимизда маърифатпарвар аждодларимизнинг жасоратли ҳаёт йўлларига назар ташлаш, улар қолдирган бой маънавий меросни ўрганишга, таваллуд саналарини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 149 йиллиги муносабати билан бугун “Маҳмудхўжа Беҳбудий публицистикаси ва жадид матбуотида ижтимоий-сиёсий масалаларнинг ёритилиши” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа бугунги Ўзбекистонни баҳорга ўхшатишини, бунинг боиси боболаримиз сиймоси қайта тикланаётганини таъкидлади.  

– Конференцияни айнан шу бугун, 19 январь куни ўтказаётганимиз бежиз эмас. Бундан 149 йил илгари – 1875 йил айнан шу куни Туркистон жадидчилик ҳаракатининг тан олинган раҳнамоси, дин ва жамоат арбоби, янги усул мактаблари, миллий матбуот ва ўзбек драматургияси асосчи, муҳаррир ва публицист аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган. Бугун халқимиз, миллатимиз учун улуғ кун, ҳатто бу кунни миллатимизнинг байрами, десак ҳам, муболаға бўлмайди.  

Маърифатпарвар бобомиз шахси ҳақида, унинг халқ ва миллати учун қилган беқиёс хизмати ҳақида шунчаки гапириб бўлмайди. Боиси, унинг ниҳоятда мураккаб даврда кечган машаққатли ҳаёт йўли, сиёсий, илмий, ижодий фаолияти ниҳоятда кенг, сермазмун ва серқиррадир. Шунинг учун Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси адабиёт, тилшунослик, диншунослик, сиёсат, тарих, фалсафа, география каби қатор фанлар доирасида ўрганилган. Миллий ва хориж илм-фанида жуда кўп тадқиқотлар яратилган. Табиийки, матбуот, журналистика соҳаси ҳам мустасно эмас. Чунки Беҳбудий миллий мустақиллик учун қилган барча ҳаракатларини матбуот орқали амалга оширган. 

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” газетаси ва илк миллий журнал “Ойина”га асос солди. 1906 йилда “Русия мусулмонлари иттифоқи”нинг Нижний Новгородда ўтказилган қурултойида ўзбек зиёлиларидан биринчи бўлиб иштирок этган ва нутқ сўзлаган. Мухторият шўролар томонидан бостирилгач, Беҳбудий 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олиниб, Қаршида зиндонга ташланади ва қатл этилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NMyZxjhGdvo" title="Mahmudxoʻja Behbudiy jismoniy mahv etilgani bilan maʼnaviy yoʻq qilinmadi!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Унинг қабри қаердалиги номаълум. Маккор тузум миллий матбуотимиз асосчиси, бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийни жисмоний маҳв этгани билан маънавий йўқ қила олмади.  

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида етук кадрларни тайёрлашда, энг аввало ўзимизнинг бой маънавий меросимизга таянсак, албатта натижа бўлишини, бу борада жадидлар, улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби, айниқса муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этганди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этиш таклифини илгари сурдилар. Бизга билдирилган бу ишонч, жиддий масъулият ҳам юклади. Негаки, миллий журналистиканинг тамал тошини қўйган жадид боболаримизнинг ҳаёти ва ижоди, миллат ва мамлакат равнақи йўлида қилган заҳматли, шарафли хизматларини ўрганиш бизнинг маънавий бурчимиз. Шу мақсадда университетимизда Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги жадид матбуоти илмий мактаби ташкил этилиб, талабалар учун Беҳбудий номидаги стипендия таъсис қилинган.  

Ўйлайманки, келгусида талабалар жадид матбуоти ва унинг намоёндалари фаолиятининг ўрганилмаган саҳифаларини тадқиқ этади, улар ҳақида мақолалар, журналистик асарлар яратади, битирув малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертациялари ёзади.  

Биз бугун жадидлар ҳақида, уйғониш ҳақида гапиряпмиз. Уйғониш нима ўзи? Уйғониш – ҳаловатдан кечиб, боболарнинг, шунингдек, бугунги тараққий этган дунё янгиликларини тезлик билан қабул қилишни ўрганиш ва уларни ўзимизга мослаб ҳаётга татбиқ қилишда намоён бўлади, – деди Шерзодхон Қудратхўжа.  

Дарҳақиқат, таваллуд доирасида ўтказилаётган бугунги конференциянинг асосий мақсади Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадид матбуотининг бой мероси ва анъаналарини ўрганиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатларда бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқотлардан хабардор бўлиш, келгусида хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйишдир.

Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА