Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”, 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги “2025-2026 йилларда мамлакатимизда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида жадидчилик тарихи, унинг йирик намояндаларининг ибратли ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ қилиш белгилаб қўйилган.
Ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида “Маҳмудхўжа Беҳбудий – жадидчилик миллий ҳаракати етакчиси” умуммиллий илмий йиғини ўтказилди. Унда миллат ойдинлари, Тарих институтининг илмий ходимлари, тингловчилар, қизиқувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Йиғин аввалида Тарих институти директори, академик Азамат Зиё сўнгги йилларда жадидчилик миллий ҳаракати тарихи, айниқса, унинг етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси бўйича тадқиқотлар сони ҳам, сифати ҳам ошиб бораётгани, умуммиллий ва эллараро илмий йиғинлар ўтказилаётгани ҳақида тўхталиб, ҳали қилиниши керак бўлган изланишлар, мутахассислар тайёрлаш юзасидан фикр билдирди.
Йиғинда Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор, атоқли тарихчи олима Дилноза Жамолова “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг турмуши, иши, илмий-ижодий меросини ўрганиш муаммолари”, Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов “Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсияти”, ушбу илмий жамоа бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исоқова “Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига оид архив ҳужжатлари” ва бошқалар жадидчилик ҳаракатига оид қизиқарли илмий мавзулар юзасидан маърузалар қилди.
Институт катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Гулмира Ачилова “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ижтимоий қарашлари”, институт катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Феруза Амонова “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг иқтисодий қарашлари”, институт кичик илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Далер Мирзаев “Маҳмудхўжа Беҳбудийга қилинган аҳоли мурожаатлари таҳлили (“Туркистон вилоятининг газети”даги савол-жавоблар асосида), институт кичик илмий ходими Асадуллo Ҳасанов “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ташкилотчилик фаолияти ва Самарқанддаги “Олтой жамияти” ҳамда институтнинг таянч докторанти Маҳмуда Ғойибназарова “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кутубхоначилик фаолияти” бўйича янги маълумотларни тақдим этди.
Тадбир сўнгида олимларнинг чиқишлари бўйича йиғилганларнинг фикрлари тингланди ва бу каби умуммиллий йиғинларнинг мунтазам ўтказилиши заруратга айланишига алоҳида урғу берилди.
Н.Усмонова, ЎзА