Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейини биласизми?
16:05 / 2024-01-19

19 январь – Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган кун

Мамлакатимиз тарихида миллий ўзликни англаш, халқимизни илм-маърифатли қилишга қаратилган жадидчилик ҳаракати алоҳида ўрин тутади. Айнан жадидлар ташаббуси билан ўзбек матбуотига асос солинди, илк мактаблар ташкил этилди, дарсликлар яратилди.  

Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ушбу жараённинг энг фаол намоёндаларидан биридир. У халқни илм-маърифатли қилиш мақсадида дастлаб газета, журнал чоп этди, янги мактаблар очиб, дарсликлар ёзди. Одамларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун “Падаркуш” драмасини ёзиб, уни ўз уйида саҳналаштириб, намойиш этди ва халқни илмсизликнинг оқибатидан огоҳ қилди. Ўз хонадонида кутубхона ташкил этди. Бир сўз билан айтганда, бутун ҳаётини халқни маърифатли қилишга бағишлади.  

Бугун ҳам халқимиз учун ана шундай фидойилар зарурлигини назарда тутиб, давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилишида “Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, дея алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.  

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 апрелдаги қарори билан Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака кўчаси 47-уй – Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган хонадонда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида Беҳбудий уй-музейи ташкил қилинди.  

Музей экспозициялари илмий концепцияга асосланган бўлиб, унда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, жадидчилик тарихи, ХХ аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий воқеликларга доир маълумот ва ашёлар намойиш этилмоқда.  

– Беҳбудий “Туркистон жадидларининг отаси” деган шарафли унвонга сазовор бўлган, чунки у Самарқандда ўзига хос илмий-маърифий муҳит яратган, – дейди Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи мудири Гулмамат Аҳмедов. – Хусусан, унинг ташаббуси  билан 1903 йилда Саид Аҳмад Сиддиқий билан биргаликда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи маҳалласида, Абдулқодир Шакурий билан биргаликда Ражабамин маҳалласида янги мактаблар ташкил этилади. “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижоди” экспозициясида намойиш этилаётган “Мухтасар тарихи ислом”, “Алифбои мактаби исломия”, “Амалиёти исломия”, “Матқали жуғрофияумрони” асарлари ана шу янги усул мактаблари учун дарслик сифатида яратилган.

Экспозициядан Беҳбудий билан бир даврда ижод қилган жадидларнинг асарлари ҳам ўрин олган. Булар Саид Васлий қаламига мансуб “Маданият ва зоифа  шарияти исломия”, Саид Аҳмад Сиддиқий қаламига мансуб ва Абдулқодир Шакурий томонидан чоп этилган “Анжумани арвоҳ”, Мунавварқори қаламига мансуб “Ислом ақидалари” , Абулқосим Охунзода Ганжийнинг “Рисолаи иттиҳодия” асари, Абдуқодир Шакурийнинг “Жоми-ул ҳикоёт” асарларидир.

Музейнинг “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ижодхонаси” деб номланган экспозицияси алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур бўлимда Беҳбудий фойдаланган кресло мавжуд. Шунингдек, ХIХ аср охири ХХ аср бошларида фойдаланилган уй-рўзғор буюмлари – мис кўза, китоб ўқиш учун лавҳ, қаламдон, китоб ташиш учун теридан ишланган халта ва бошқа ашёлар жойлаштирилган. 1903 йилдан ишлаб чиқарила бошланган ва Туркистонда кенг тарқалган “Континенталъ” ёзув машинкаси ҳам музейнинг қимматли буюмларидан ҳисобланади.  

“Беҳбудийнинг замондошлари, сафдошлари ва шогирдлари” бўлимида арча қипиғи ва тут дарахтидан қўлда ясалган глобус жой олган. Глобус Маҳмудхўжа Беҳбудий даврида бошқа фанлар қатори география ва картография ҳам ривожланганлигининг белгисидир. Қолаверса, Беҳбудий ўзи ташкил қилган янги усул мактабларидан бирида географиядан дарс берганлиги тўғрисада маълумотлар бор.

– Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлик йўналишида самарали ижод қилган ҳамда бу борада ўзига хос мактаб яратган, – дейди Гулмамат Аҳмедов. – Музейдаги ноёб экспонатлар орасида  олим томонидан ХХ аср бошларида нашр қилинган “Самарқанд” газетасининг 45-сони ва  “Ойна” журналининг  бир неча сонлари бор. Музейнинг ноширлик хонаси интерерида асосий эътибор Беҳбудийнинг ноширлик фаолиятини ёритишга қаратилган. Туркистонда нашр ишлари билан дастлаб подшо Россияси статистика қўмиталари шуғулланган. Шу сабабдан 1868 йилдан 1910 йилгача нашрларнинг асосий қисмини рус тилидаги газеталар ташкил этган.

ХХ аср бошида, аниқроғи, 1913 йилдан Беҳбудий ҳам матбуот ишлари билан шуғулланган. Ўша йил апрель ойидан рус-ўзбек ва форсий тилларда “Самарқанд” газетасини чиқаради. 45-сондан кейин моддий танқислик туфайли газета чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20 августидан у “Ойна” журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик журнал асосан ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеърлар, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб борилган. “Нашриёти Беҳбудия” номи билан ўз хусусий нашриётини очади. Фитратнинг “Баёнои сайёҳи ҳинди” асарини 1913 йилда русчага таржима қилдириб, нашр этади.

Президентимиз жадидлар ҳақида тўхталаркан “Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий.  

Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”, дея алоҳида қайд этди.  

Демак, Беҳбудий ва унинг замондошларининг ҳаёти, ижоди ва фаолиятини ўрганиш бугунги куннинг, ёш авлоднинг муҳим вазифаси саналади. Бунда музейлар муҳим ўрин тутади.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи масъуллари томонидан тарихчилар, музейшунослар, санъатшунослар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи каталогини нашр этган. Бу улуғ маърифатпарвар ва у яшаган давр бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/JzxOalWlBOA" title="19-yanvar – Mahmudxoʻja Behbudiy tugʻilgan kun" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео),

ЎзА мухбирлари