Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмудхўжа Беҳбудий – умрини миллат равнақига бағишлаган аллома
12:59 / 2024-01-19

Жадидчилик ҳаракатининг етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига 149 йил тўлди.

Устоз адабиётшунос олим Бегали Қосимовнинг бу борадаги тадқиқотлари диққатга сазовордир. Унга кўра, таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқандда туғилган. Манбаларда қайд этилишича, Беҳбудий Яссавий авлодидан саналади.

18 ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфти даражасига кўтарилади. Беҳбудий Ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркияни кезиб чиққан (1899-1900). Саёҳат давомида янги мактаб (усули жадид) очиш хусусида муттасил ўйлар эди. Самарқанд яқинидаги қишлоқларда Ажзий, Абдулқодир Шакурийлар билан ҳамкорликда янги мактаблар очади.

Беҳбудий Қозон ва Уфага бориб, у ердаги янги усул мактаблари билан танишади. Татар зиёлилари билан алоқани йўлга қўяди. Янги мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (“Аҳоли географиясига кириш”, 1905), “Мунтаҳаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”, 1906), “Китобат ул-атфол” (“Болалар хати”, 1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби китоблар чоп эттиради.

Кейинчалик (1908 йилда) Шакурийнинг Ражабамин қишлоғидаги мактабини Самарқанддаги ўз ҳовлисига кўчириб келтиради. Беҳбудий 1911 йилда “Падаркуш” драмасини ёзди. Бу биринчи ўзбек драмаси эди. Асар Самарқандда 1914 йил 25 январда саҳнага қўйилди. Драма халққа кучли таъсир кўрсатади. Абдулла Қодирий “Бахтсиз куёв” драмасини шунинг таъсирида ёзгани маълум. “Падаркуш” ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган асар бўлди. Драма Тошкентда 1914 йил 27 февралда Авлоний томонидан қайта саҳналаштирилади.

Беҳбудий “Самарқанд” газетасини чиқаради. Газета ўзбек ва тожик тилларида ҳафтада 2 марта чоп этилди. 45-сони чиққач, иқтисодий танқислик туфайли нашр тўхтади. Шу йил 20 августдан у “Ойна” журналини чиқара бошлади. Ҳафталик, суратли бу журнал асосан ўзбекча бўлиб, шеър, мақола (форсча), эълонлар (русча) ҳам бериб борди. Журнал Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркиягача тарқалди.

Беҳбудий китоб нашрини ҳам йўлга қўяди. Фитратнинг “Баёноти сайёҳи ҳинди”сини русчага таржима қилдириб, чоп эттирди (1913). Беҳбудий 1914 йил 29 майда иккинчи марта араб мамлакатларига саёҳатга чиқади. Саёҳат хотиралари “Ойна” журналида босилиб туради. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради. «Ойна» журналида миллат ва унинг ҳақ-ҳуқуқига, тарихига, тил ва адабиёт масалаларига, дунё аҳволига доир қизиқарли мақолалар, баҳслар бериб борилган. Беҳбудий миллатнинг тараққийси учун бир неча тил билишни шарт ҳисоблади. Журналнинг биринчи сонидаёқ “Икки эмас, тўрт тил лозим”, деган мақола билан чиқиб, ўзбек, тожик, араб, рус ва ҳатто бирор узоқ хориж (масалан, француз) тилини билиш шарт деб ҳисоблади. Айни пайтда тилнинг муҳофазаси (“Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар” – 1914, № 35), ўзаро муносабатлари (“Тил масаласи” – 1915, № 11,12) ҳақида долзарб мақолалар чоп этди.

Беҳбудий адабий танқидга катта эътибор берди. Миллат шаънини оёқости қилувчи фикр-қарашларга зарба бериб, қатор мақолалар ёзди. Беҳбудий матбуотимиз тарихида мақоланавис сифатида алоҳида мавқега эга. Унинг ҳозирча аниқланган мақолаларининг сони 300 га етади. Улар хилма-хил мавзуда экани Беҳбудий закосининг нечоғли буюклигидан дарак беради. Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ишларга қизғин қўшилди. Аслида, бу фаолият 1906 йилдан бошланган. Шу йили “Русия мусулмонлари иттифоқи”нинг Нижний Новгородда ўтказилган қурултойида қатнашган эди. Тошкентда бўлиб ўтган (1917) Туркистон мусулмонларининг қурултойида иштирок этиб, нутқ сўзлади. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофга қарши чиқди. Беҳбудий шу қурултойда ўлка мусулмонлар шўросининг раиси этиб сайланди. 1917 йил 26 ноябрда Қўқонда ўлка мусулмонларининг 4-фавқулодда қурултойи иш бошлади. 27 ноябрга ўтар кечаси “Туркистон мухторияти” эълон қилинди. Унинг ғоявий асосчиларидан бири Беҳбудий эди. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилди. Беҳбудий май ойининг бошларида Самарқандга қайтади. У ерда кўп тура олмай Тошкентга келади. Туркистон шўролар ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади, аммо натижа чиқмайди.

1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда Инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади. Ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Фитрат, Чўлпон, Айний ва бошқа шоирлар Беҳбудийга атаб марсиялар ёзган. Бир қатор хорижий мамлакатларда Беҳбудий ҳаёти ва ижоди бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Тошкент шаҳрида кўча ва мактабга Беҳбудий номи қўйилган.

Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланди. Анжуманлар, маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Бугун шиддат билан кечаётган янгиланиш жараёнларида Беҳбудий мероси, унинг фаолияти, ҳаётини, эзгу ишларининг аҳамиятини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.

 

Н.Усмонова тайёрлади,

ЎзА