Маҳмудхўжа Беҳбудий – Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси, миллат келажаги, унинг бахту саодати йўлига умрини бағишлаган серқирра ижодкор эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимиз ва хорижда маърифатпарвар бобомиз фаолиятига оид кўплаб анжуманлар, илмий асарлар тақдимотлари, давра суҳбатлари ўтказилди.

Беҳбудий мероси ҳақида атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, устоз ижодкор Нурбой Жабборов қуйидаги фикрларни билдирди:
– Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидчилик ҳаракатининг тан олинган раҳнамоси, янги мактаб ғоясининг асосчиси, биринчи ўзбек драматурги, қалами ўткир публицист, миллий матбуот ривожига улкан ҳисса қўшган журналист ҳамда ношир сифатида Ватанимиз тарихида алоҳида ўрин тутувчи улуғ сиймо. Шунинг учун ҳам Президентимиз деярли ҳар бир нутқида мутафаккир жадидларимиз, айниқса, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Ватан ва миллат озодлиги ҳамда тараққийси билан боғлиқ қимматли фикрларини ёдга олади, буюк маърифатпарварга муносиб ҳурмат бажо этади. Давлатимиз раҳбарининг: “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги тарихий қарори бугунги кунда Янги Ўзбекистонда буюк маърифатпарвар фаолиятига давлат сиёсати даражасида эътибор кўрсатилаётганига ёрқин далил бўла олади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Ватан ва миллатни тараққий эттирмоқ учун янги авлодни тарбиялаб етиштириш заруратини биринчилардан бўлиб ҳис этди. Шу мақсадда 1903 йили Самарқандда жадид мактаби очди. Бу мактаблар учун “Китобатул атфол” (“Болалар мактублари”) дарслигини яратди. Дарслик Туркистон ёшларида расмий идораларда иш юритиш малакасини ҳосил қилиш, уларнинг ҳуқуқий ва ёзма саводхонлигини оширишга қаратилган эди. Улуғ мутафаккирнинг янги мактаб ғояси асосида уч концептуал масала туради: биринчиси, авлоднинг саводи ўз она тилида чиқмоғи зарурлиги; иккинчиси, таълим жараёнини замонга мослаштириш, яъни “усули ҳижо” ўрнига “усули савтия”ни жорий этиш, таҳсил усулини янгилаш; учинчиси, мактабда эътиқодимиз асоси бўлган диний илмлар билан бир қаторда, замон тақозоси ҳисобланган дунёвий фанларни ўқитиш ва бу орқали миллатнинг мутараққий халқлар даражасига юксалмоғига хизмат қиладиган салоҳиятли авлодни тарбиялаш.
Улуғ адиб 1911 йили ёзилган “Падаркуш” асари билан миллий драмачилигимиз тамал тошини қўйди. 1913 йил китоб ҳолида босилган драма Самарқандда 1914 йилнинг 15 январида саҳнага қўйилди. Драма халқимиз тафаккурига чақмоқдай таъсир кўрсатди. “Халқ ниҳоят кўп келиб, белат етмагани ва жой йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди”, дея хабар берилади театр ҳақида чиққан мақолада. Драмадаги бой – ўша кезда фарзандларининг замон талаблари даражасида таълим олишига лоқайд қараган Туркистон, Тошмурод эса ўша даврдаги билимсиз ва дунёбехабар ватандошларимиз рамзи эди. Бу орқали Беҳбудий миллатни илмсизлик ва жаҳолат оқибатларидан огоҳ этди, фақат маърифат воситасидагина дунёдаги мутараққий давлатлар даражасига юксалиш мумкинлигини англатди.
Беҳбудий миллий матбуотни йўлга қўймай туриб тараққиётга эришиш имконсиз эканини эътиборга олиб, 1913 йил апрелидан “Самарқанд” газетасини чиқарди. Бироқ газета 45 та сонидан кейин ёпилди. 1913 йил 20 августидан у “Ойна” журналини чиқара бошлади. Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркиягача тарқалган бу журнал халқимиз қалбидаги миллий озодлик руҳини кучайтиришда муҳим ўрин тутди.
Жадидчиликнинг Ватан ва миллат манфаатини ифодалаган ғояларини кенгроқ миқёсда тарғиб этиш учун нашриётлар тузиш, китоб чоп эттириш зарур эди. Улуғ маърифатпарвар 1913 йили “Нашриёти Беҳбудия”ни очди. Жадид мактаблари учун дарсликлар нашр эттирди. Кутубхонани йўлга қўйди. Кутубхонада турли мамлакатларда чоп этилган диний ва дунёвий китоблар, расмли журнал ва газеталар, энциклопедиялар,
луғатлар, харита ва атласлар билан танишиш мумкин эди. Беҳбудийнинг «Самарқанд-и кутубхона-и исломий» мақоласида ёзилишича, ўша даврда кутубхона фондида 600 та китоб ва рисолалар, ундан ҳам кўпроқ газета ва журналлар бўлган. Аввалига 200, кейин 225 жилдга эга бўлган кутубхона 14 соат ишлаган. Очилганидан етти ой ўтгач, у 125 аъзога эга бўлиб, жами 2000 га яқин китобхонларнинг эҳтиёжини қондирган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий дунё кўриб, тажриба ўрганди. Шу асосда Ватан ва миллатни тараққий эттириш йўллари бўйича аниқ тасаввур ҳосил қилди. 1914 йил 29 майидан саёҳатга чиқиб, Кавказ, Қрим ва Истанбул орқали Юнонистон, Байрут ва Қоҳирагача борди. Темир йўл билан Булғористон, Австрия, Берлин ва Россияни саёҳат қилиб, Туркистонга қайтди. “Саёҳат хотиралари”ни ёзди. Публицист сифатида “Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Муҳтарам ёшларга мурожаат”, “Бизни кемиргувчи иллатлар”, “Танқид сараламоқдир”, “Тил масаласи” каби мақолаларида Туркистон ҳаёти учун муҳим масалаларни ёритди.
1907 йил Туркистон мухторияти тузилишидан роппа-роса ўн йил муқаддам Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон маданий мухторияти лойиҳасини тузиб, тасдиқлатиш учун давлат Думасига тақдим этди. Унда Туркистон маиший, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маърифий ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар қамраб олинган эди. Маданий мухторият лойиҳаси орқали у Туркистон озодлиги ғоясини кўзда тутган. Афсуски, бу лойиҳа амалга ошмай қолди.
1917 йил 27 ноябрга ўтар кечаси “Туркистон мухторияти” эълон қилинди. Бу мустамлакадан мустақиллик томон қўйилган жиддий ва жасоратли қадам эди. Беҳбудий унинг раҳнамоси эди. “27 ноябрда Қўқонда Туркистон мухторияти умумий мусулмон съездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлушдан ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!” – деб ёзган эди Беҳбудий. Лекин тарихий-ижтимоий шароитнинг мураккаб ва зиддиятли экани боис мухторият бой берилди.
Туркистон жадидчилик ҳаракати карвонбошиси Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йил 25 мартида қатл этилди. Таъкидлаш керак: Беҳбудийни жисман маҳв этган қаттол тузум бугун Ер юзида мавжуд эмас. Лекин улуғ маърифатпарварнинг эзгу номи, она-Ватанни ва миллатни тараққий эттиришга қаратилган ҳаётбахш ғоялари ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда ҳам янги Ўзбекистон равнақига муносиб хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.