Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмудхўжа Беҳбудий – Туркистон жадидчилари етакчиси
16:45 / 2021-05-11

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жадидчилик ҳаракати намояндалари, хусусан, мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ҳамда уни ёшлар орасида тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида аллома ҳаёти ва ижодига бағишланган кўплаб давра суҳбатлари, учрашувлар, илмий-амалий конференциялар доимий ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонидаги Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали ёнида ташкил этилди.

Академия матбуот хизмати маълумотига кўра, “Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишлаб ёзилган асарлар” мавзусида ўтказилган учрашувда олимлар, ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар қатнашди.  

Академиянинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ҳамда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети ҳамкорлигида ўтказилган маънавий-маърифий учрашувда ўзбек жадидчилик ҳаракати етакчисининг ҳаёти ва ижоди, Абдуҳамид Чўлпон билан олиб борган жадидчилик ҳаракати ҳақида сўз юритилди.

– Маҳмудхўжа Беҳбудий ислом оламининг жонкуяри бўлиш билан бир қаторда жадидчилик ҳаракатининг тарафдорларидан бири эди, – дейди шоир Сирожиддин Рауф. – Туркистондаги барча жадид мутафаккирлари Беҳбудийни устози деб билишади. Мазкур ҳаракатнинг етакчиси бўлган Беҳбудий янги усул мактабларини юртимизда илк бор жорий этади. Шу билан бирга, ўзбек тилида нашрлар чиқаради. Аммо ўша даврда ўлканинг аксарият аҳолиси хат-саводи ҳаминқадар бўлгани учун Беҳбудий ва ҳаммаслакларининг эзгу ғоялари, фикрлари кўзланган манзилга етиб бормайди. Беҳбудий бунинг олдини олиш, одамларни тарбиялаш мақсадида янги йўл – Туркистонда театрга асос солди. Ёшларни илм-фанга қизиқтириш, замонавий билимларни эгаллаши кераклиги даъват этилган “Падаркуш” драмасини ёзди.  

Сўзга чиққанлар йиғилганларга адиб ҳаёти ва ижоди, илмий-маънавий фаолияти, Абдуҳамид Чўлпоннинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси” номли мақоласи ҳақида қизиқарли маълумотлар беришди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси доценти Мўминжон Хўжаев аллома вафоти муносабати билан Абдуҳамид Чўлпон томонидан ёзилган мақолалар ҳақида тўхталиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий Ватан истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровонлиги йўлида ҳаётини қурбон қилганини таъкидлади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий XX аср ўзбек адабиёти, илм-фани, журналистикаси учун муҳим сиймо сифатида тарих саҳнасида намоён бўлди. Буюк маърифатпарвар ва жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири сифатида миллий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

 

Н.Усмонова, ЎзА