Шу кунларда юртимиз бўйлаб Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланяпти.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Туркистон жадидчилиги” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Тадбирда жамғарма раиси, академик Оқил Салимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид ва бошқалар Беҳбудий меросининг аҳамияти, унинг ибратли ҳаёт йўли, умрини бахшида этган ҳаётбахш ғоялари ҳақида батафсил тўхталди.

– Биз давлатимиз раҳбарининг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қароридан сўнг нафақат алломанинг ҳаётини, балки у яшаган даврни ҳам ўрганяпмиз, – деди академик Оқил Салимов. – Бу ҳужжат биз олимларни ҳам, кенг жамоатчиликни ҳам бирдай хурсанд қилди.
Анжуманда Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва иқтидорли талабалари ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари zoom платформаси орқали қатнашди.

– Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Танланган асарлари”ни нашрга тайёрлаяпти, – деди Ғайрат Мажид. – Бугун мамлакатимизда иқтисодиёт, илм-фан, адабиёт, санъат ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Жадидлар нимани истаган эди? Улар таълим сифатини оширишни, фарзандларимиз ривожланган мамлакатларга бориб таълим олиб келишини истаган эди. Жадидларнинг ҳақиқий истаклари мана шунда ҳам кўринади.
Маърузалардан сўнг иштирокчилар ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА