Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг 45 йиллик ижодий фаолияти мобайнида нафақат маърифатпарвар ва жадидчилик ҳаракати етакчиси, балки тарихчи олим ҳам бўлган. У турли фанлар соҳасида билимга эга, жумладан, тарихга алоҳида эътибор қаратган мутафаккир сифатида жамият ҳаётида тарих фанининг ўрни ва аҳамияти ҳақида мукаммал фикрлар билдирган.
Беҳбудийнинг таъкидлашича, тарих бу фақат ўтмиш воқеалари тўплами эмас, балки жамиятнинг тараққиёт йўлини белгилайдиган муҳим омилдир. У “Мозий – истиқболнинг тарозусидир” деган фикр билан тарихий тажрибани ўзида жам этган ва тарих фанининг сиёсий бошқарув, жамият онглилиги, иқтисодий ва маданий ривожланишдаги аҳамиятини очиб берган.
“Тарих ва Жуғрофия” номли мақоласида у бу фанларни жадид мактаблари ихтироси эмас, балки инсоният ҳаётида илдиз отган илмий соҳалар деб атаган. Шунингдек, тарих ва жуғрофияни ўрганиш халқнинг маънавий юксалиши ва жамиятнинг барқарор ривожланиши учун зарурлиги таъкидланган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий тарих фанининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида ислом тарихини кўрган. У Қуръон ва ҳадислар орқали тарихни ўрганишнинг нафақат маънавий, балки ижтимоий аҳамиятини исботлаган. Беҳбудийнинг фикрича, ислом тарихини билмаслик дин хизматчиларини нотўғри йўлга солиши мумкин ва бу ҳолат жамият учун салбий оқибатларга олиб келади.

У ўзининг машҳур сўзларида таъкидлаганидек: “Дунёга яшамоқ учун, диёнатли бўлмоқ учун, комил ва одил инсон бўлмоқ учун тарих ўқумоқ керак.” Бу фикрлар тарихни ўрганиш фақат академик иш эмас, балки ҳар бир шахс учун ҳаётнинг муҳим қирраси эканини кўрсатади.
Беҳбудий тарихни ўрганишга нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам катта эътибор берган. Унинг кутубхонасида тарихга оид китоблар 70 фоиздан зиёдни ташкил этган. “Маданият тарихи”, “Ислом тарихи”, “Умумий тарих”, “Турклар тарихи”, “Усмонийлар тарихи кўзгуси” каби кўп жилдлик асарлар, шунингдек, “Темур”, “Ислом олами ва Европа XX асрда”, “Американинг кашф этилиш тарихи” каби китоблар тарих фанининг турли соҳаларини қамраб олган.
Шунингдек, у отаси шарафига “Нашриёти Беҳбудия” номли хусусий нашриётни ташкил этган, Бухоро, Қўқон, Наманган, Тошкент, Андижон ва Самарқандда китоб дўконлари очиб, нафақат китоб сотуви, балки қироатхона сифатида ҳам фаолият юритган. Ушбу дўконларда дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган китоблар фаол савдога қўйилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий тарихни илм ва маърифатнинг асосий рукни сифатида кўрган, унинг аҳамиятини жамиятнинг маънавий тараққиёти, дин ва давлат арбоблари учун зарур асос деб билган. Тарихий билимсиз ҳар қандай илм мукаммал бўлолмайди ва бу ғоялар орқали у ўз замондошларига янги маърифат йўлини очган. Унинг илмий мероси бугунги кунда ҳам Ўзбекистоннинг миллий таълим ва маърифат соҳасида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Хуршид Қурбонов,
Навоий давлат университети қошидаги
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент.
ЎзА