Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ғоялари бугун ҳам қимматли
16:11 / 2020-11-28

Бу йил мамлакатимизда буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати фаоли Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Самарқанд шаҳрида “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда вилояти ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган “Миллий ўзликни англашда жадидчилик ҳаракати ва Маҳмудхўжа Беҳбудий маънавий меросининг ўрни” мавзуидаги илмий-амалий конференция ҳам ушбу санага бағишланди.

Партия марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, публицист Нусрат Раҳмат, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг набираси Шоҳруҳ Беҳбудий ва бошқалар аллома ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида сўз юритди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ғоят мураккаб вазиятда Ватан озодлиги, эл фаровонлиги учун ўз қалами билан курашгани, халқни маърифатли бўлишга чорлаб, бу йўлда кўп заҳмат чеккани таъкидланди.

– Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси миллий драматургиямизнинг асоси сифатида қанчалик қадрланса, унда илмли бўлиш, фарзандларимизни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш энг муҳим вазифа эканлиги кўрсатиб берилгани билан ҳам шунчалик аҳамиятлидир, – деди “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси А.Ахтамов. – Эътиборлиси, бу асардаги ғоялар бугунги кун учун ҳам жуда қимматлидир. Умуман, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кўп қарашлари давр ва замон танламай йиллар ўтса-да ўз қадр-қимматини йўқотмай келмоқда. Бу маънавий меросдан айниқса, ёшлар кўпроқ баҳраманд бўлса, ўқиб-ўрганса мақсадга мувофиқ бўлади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА