Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмуд Замахшарий таваллудига 950 йил тўлди
13:25 / 2025-03-18

Ватанимиз тарихидаги 18 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1075 йил (бундан 950 йил олдин) – ҳижрий 467 йил ражаб ойининг йигирма еттинчи куни (милодий 1075 йил 18 мартда) Хоразм илм-фан ва маданиятини дунёга танитган буюк сиймо, арабшунос олим, шоир, ёзувчи ва имом Абдулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Ахмад Жаруллоҳ Замахшарий таваллуд топди. Замахшарий “Араб ва ғайри араблар устози”, “Хоразм фахри” каби шарафли номлар билан улуғланган. У кўп асарларини Маккада ёзганлиги учун “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли номга муяссар  бўлган. 

Замахшарий араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асарлар яратган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Замахшарийнинг “Ал-Муфассал” (“Грамматика бўйича муфассал китоб”) асари араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган. Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимдаким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга 5 минг кумуш танга ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга сазовор бўлишган.

Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари Қуръон тафсирига бағишланган. Дунёнинг турли қўлёзма хазиналарида “Ал-Кашшоф”нинг 100 га яқин қўлёзмалари ва асарнинг ўзига битилган 20 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар мавжуд. Қоҳирадаги машҳур Ал-Азҳар дорилфунунининг талабалари ҳам бошқа тафсирлар билан бир қаторда Замахшарийнинг ушбу асари асосида Қуръон ўрганадилар.

1400 йил (бундан 625 йил олдин) – машҳур авлиё, нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанднинг биринчи халифаси (шогирди) Хожа Алоуддин Аттор Деҳнав яқинида вафот этди. Манбаларда қайд этилишича, Алоуддин Аттор ота меросидан воз кечиб, Бухоро мадрасаларининг бирида ўқиган. У кўп ўтмай Хожа Баҳоуддин назарига тушган. Алоуддин Аттор Бухорода яшаб, ўз ҳовли-жойига эга бўлган ва фарзандлар кўрган.

Баҳоуддин Нақшбанд Алоуддин Атторни ботин илмига машғул қилади. Бундан Алоуддин Аттор нафақат дунёвий илмларда, балки тариқатда ҳам камол топади. У элликдан ортиқ асар ёзиб, уларда фаннинг деярли барча соҳаларини акс эттирган. Алоуддин Аттор Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан сўнг Чағониённинг Деҳнав (Сурхондарёнинг ҳозирги Денови)га бориб яшаган. Хожа Алоуддин Атторнинг кўпгина шогирд ва муридлари бўлган. 

1711 йил (бундан 314 йил олдин) – Абулфайзхон Бухоро тахтига ўтирди. Ҳали анча ёш бўлган Абулфайзхонни (баъзи манбаларда 11, баъзиларида 16 ёш деб келтирилади) номигагина тахтга ўтқизиб, марказий ҳокимиятни заифлаштириб қўйиш орқали катта мол-мулкка эга бўлиб олган амирлар давлат бошқарувида нуфузли лавозимларни эгаллаб олишади. Жавшан қалмоқ ёш Абулфайзхонни хўжакўрсинга тахтга ўтқизиб, ҳокимиятни ўзи бошқара бошлаган. Бу аштархонийлар сулоласи, умуман, Бухоро хонлиги инқирози бошланишининг энг асосий омилларидан бири эди.

Абулфайзхон узоқ муддат ҳукмронлик қилган аштархоний ҳукмдорларнинг сўнггиси бўлган. У Субҳонқулихоннинг кенжа ўғли бўлиб, 1695 йилда (ёки 1699 йилда) туғилган. Онаси Абдуллахўжанинг қизи Биби Ойпошша бўлган. Абулфайзхон ўзигача бўлган аштархоний хонлар ичида тахтга ўтирган энг ёш ҳукмдор эди. Хонлик тахтига ёш ўтириши унинг хон атрофидаги сарой аҳли ва қабила етакчиларининг таъсирига тушиб қолиши ва умрининг охирига қадар бундан қутула олмаслигига олиб келади. У 1747 йилда фитна натижасида Мир Араб мадрасаси ҳужраларидан бирида ўлдирилади ва Баҳоуддин Нақшбанд қабристонида дафн этилади.

1811 йил (бундан 214 йил олдин) – Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I Ҳазораспда ўтказилган хатна тўйига ташриф буюрар экан, бу ерда Хива ва Ҳазорасп йигитлари ўртасида кураш беллашувини уюштирди. Зиёфатдан сўнг эса, “олтун қабақ” маросими ўтказилди. 

Бунда садоқли шаҳзодаларнинг тажрибаси ва моҳирлиги, шахсий қобилиятларидаги сезгирлик, синчковлик, фаросатлилик ва мерганлик каби сифатлари синаб кўрилган. Баланд ёғочга қоқилган қовоқ ичига бир дона олтин танга жойлаштирилган. Нишонни камон ўқи билан бехато ва аниқ мўлжалга олганлар мерган ҳисобланган.

1907 йил (бундан 118 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби Собир Юнусов таваллуд топди (вафоти 1995 йил). У – Ўзбекистонда алкалоидлар кимёси мактабининг асосчиси. Унинг раҳбарлигида 4 мингдан ортиқ ўсимлик тадқиқ қилиниб, уларнинг ярмидан кўпроғида алкалоидлар мавжудлиги аниқланди, мингдан ортиқ алкалоидлар ажратиб олинди, муҳим алкалоидларнинг юздан ортиқ манбаи топилди. Собир Юнусов 2002 йилда, вафотидан сўнг, “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

1929 йил (бундан 96 йил олдин) – шоир, ёзувчи, педагог, театр арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий Шоҳимардонда ҳалок бўлди.

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Чили Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди. 

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида элчихоналар даражасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Протокол имзоланди.

1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Жиззах» эркин иқтисодий зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Молия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирганидан 30 кун муддатга визасиз режим белгилaнди.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2022–2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланди.

2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жамоат транспортини молиялаштиришнинг янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА