Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳмуд Таробий халқ қаҳрамони
17:35 / 2022-08-27

Маҳмуд Таробий оддий косиб, ҳунарманд оиласида Бухородан уч фарсах наридаги Тороб қишлоғида таваллуд топган. XIII аср бошларида мўғуллар истилоси ва зулми халқни қийин аҳволга солган бир даврда Маҳмуд Таробий қалбида уларга нисбатан нафрат туйғулари тобора авж олади. Ватан қисмати юртдошлар дарди, уларнинг қувончига шерик бўлиш иштиёқи Маҳмуднинг дилидаги энг ёрқин орзу эди.

Хуросонлик муаррих ва йирик давлат арбоби Алауддин Атомалик Жувайний (623/1226–681/1283) қаламига мансуб «Тарихи жаҳонгушой» («Жаҳон Фотиҳи тарихи») асари қатор Шарқ мамлакатларининг ХII–XIII асрлардаги тарихини ўрганишда энг ишончли ва мукаммал манбалардан саналади. Бухородан уч фарсах наридаги Тароб қишлоғида, Жувайнийнинг айтишича, деҳқонлар, ҳунармандлар мажлислар ўтказар, ўйин-кулги, базми жамшид қилар эканлар. Худди шу мажлисларда улар мўғул хонлари, доруғалари, босқоқлари зулмидан бир-бирларига шикоятлар қилиб, ўзларининг машаққатли ҳаётлари хусусида ҳам мулоҳаза юритган бўлсалар ажаб эмас. Бу мажлисларда Маҳмуд Таробий деган элакчи халқнинг юрагидаги дардларни айтиб, унинг кўнглига чўғ ташлайди, халқ унга ихлос қўяди, ишонади. 
1238 йили Бухоро воҳасида қўзғолон кўтарилди. Мўғул истилочилари ҳамда маҳаллий бойларнинг зулми бу ерда яшовчи халқнинг суягига пичоқ бўлиб қадалди. Маҳмуд Таробий ушбу қўзғолонга бошчилик қилади.

Маҳмуд Таробий таълимотида янги қонун-қоидалар йўқ эди, лекин шунга қарамай, равшанки, бу таълимот оддий халқ тушунадиган шаклда бўлиб, шу халқ манфаатига қаратилган, яъни унинг бош мақсади Бухорода чингизийлар истибдодига барҳам беришдан иборат эди. Қўзғолончилар «буюк Ясо» acосидаги мўғул давлати ва арконига қарши чиққанлар. Халқ қўзғолонининг acосий шиори «истилочилар ҳокимияти йўқолсин» деган ягона маънони ифодалар эди. Маҳмуд Таробий ўз олдига чингизийлар ҳокимиятини йўқ қилиш ва «оламни» кўчманчи-истилочилар исканжасидан озод этишдек муҳим сиёсий вазифани қўяди. Бу курашда у ёлғиз эмас, тарафдорлари беҳисоб эди. Маҳмуд Таробий Бухорода эски, султон Муҳаммад Хоразмшоҳ замонасидаги тартибларни жорий этмоқчи бўлган. У ўзини бекорга «султон» деб эълон қилмаган. Шуниси қизиқки, ортидан эргашган халойиқ уни «яхши султон» деб атаган. Дарвоқе, бу даврда халқ оммаси ҳокимиятнинг подшоликдан бўлак шаклини таклиф этиши мумкин бўлмаган. 

Маҳмуд Таробий сафдошлари орасида ақоид илми олими Шамсиддин Маҳбубий бирмунча ёрқин, йирик сиймо эди. У Маҳмуд Таробийнинг озодлик ғоясини фаол қўллаб-қувватлади. Маҳмуд Таробий ҳаракатининг муваффақияти кўп жиҳатдан Шамсиддин Маҳбубий номи билан боғлиқ.  Маҳмуд Таробийнинг Шамсиддин Маҳбубий билан танишиб, у билан ҳамкорлик қилиши қўзғолон йўлбошчиси учун янгидан-янги имкониятларни очиб берди: Маҳмуд Таробийнинг озод ҳаёт ҳақидаги фикри қуролли курашни бошлаш керак, деган қатъий қарорга айланди. 

Бухоро атрофларидан одамлар гурас-гурас келиб, унинг сафига қўшила бошлади. Бирпасда лак-лак лашкар тўпланди, бу лашкар ёмон қуролланган бўлса-да, лекин она тупроқни келгинди истилочилардан тозалашга катъий бел боғлаган ватанпарвар кишилар эди.

Маҳмуд Таробий Бухорони мўғул босқинчиларидан тозалагач, пешволарига ўз номини султон сифатида хутбага қўшиб ўқитади. «Халифа», «Султон» унвонларини жорий этиш билан Маҳмуд Таробий Бухоро бундан буён мустақил эканлигини, мўғул хонларига итоат қилмаслигини таъкидлайди.

Маҳмуд Таробий энг машаққатли кунлар ҳали олдинда эканлигини яхши биларди. Яқин орада Маҳмуд Ялавоч бошчилигида Хўжанддан беҳисоб мўғул босқинчилари Бухорога келишига ақли етарди. У яна шуни биладики, шаҳардан қочган Бухоронинг «улуғ зотлари» қаршилик кўрсатишни тўхтатмайдилар, қандай қилиб бўлса ҳам бой берилган ҳокимиятни қайтариб олишга уринадилар. Дарҳақиқат, шаҳардан қочган амирлар, босқоқлар, садрлар Карманада шошилинч куч тўплаб, мўғул босқоқларини ишга солиб, жангга ҳозирлик кўрар эдилар. 

Кармана яқинидаги жангда Маҳмуд Таробий ҳалок бўлади. Ушбу жангда унинг дўсти Шамсиддин Маҳбубий ҳам ҳалок бўлади.

Қўзғолончилар Маҳмуд Таробийнинг ўрнига унинг икки уккаси Муҳаммад билан Алини бош қилиб кўтарадилар. Афсуски, Муҳаммад билан Али Маҳмуд Таробий бошлаган ишни поёнига етказа олмади. Хўжанддан кучли қуролланиб келган мўғуллар қўзғолончиларни мағлуб қилишади шу тариқа Маҳмуд Таробий бошлаб берган халқ қўзғолони мағлубиятга юз тутади.

Гарчан Таробий қўзғолони уқадар узоқ давом этмаган бўлсада ўз табиати жиҳатидан XIII асрдаги Ўрта Осиё халқларининг мустақиллик учун кураши тарихида алоҳида ўрин тутади. 

Маҳмуд Таробий ўз халқининг мустақиллиги йўлида, уларни мўғул истилочилари зулмидан озод бўлиши учун ўз жонини фидо қилди. Таробий йўл бошчилигидаги қўзғолон халқимизни қуллик, қарамлик асоратга солувчи мўғул истилочиларига қарши олиб борилган озодлик кураши тарихида ёрқин ўчмас из қолдирди.

–Мустақиллигимизга бир йил тўлгани Тошкент шаҳрида “Мустақиллик майдони”да нишонланганлигини эслайман, – дейди Бухоро вилояти Жондор тумани ҳокимининг маънавий-маърифий  ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Раъно Раҳимова. –

 Шунда байрам саҳнасига биринчи бўлиб Маҳмуд Таробий кириб келди. У “Мен юртимни шундай озод, мустақил кўришни қанчалар орзу қилган эдим. Бугун авлодларим ана шундай шарафга муяссар бўлганликлари билан бахтиёрман, –деди.

Маҳмуд Таробийнинг орзусига эришган юртдошлари унинг номини абадийлаштиришни ўзларининг инсонийлик бурчлари деб билишади. Бугун, Бухоро вилоятидаги кўпгина туманларда жумладан, у туғилиб ўсган Жондор туманида Маҳмуд Таробий номидаги кўчаларнинг борлиги, тумандаги маданият саройи ва туман марказидаги ватанпарварлик боғининг Маҳмуд Таробий номи билан аталиши унга бўлган юксак эҳтиром намунасидар. Шунингдек профессор Рахим Воҳидовнинг “Қасоскорнинг номи барҳаёт” асари, Ойбекнинг “Маҳмуд Таробий” достони, 2021 йилда Бухоро давлат университети дотценти Азалшох Ҳамроев, Бухоро муҳандислик технология институти ўқитувчиси Мавлуда Раҳмоновалар муаллифлигида “Маҳмуд Таробий – халқ қаҳрамони” китоб-албомнинг яратилганлиги унинг хотирасига яна бир карра халқнинг ҳурмат эътиборидир.

Маҳмуд Таробий сиймоси акс этиб, бугун туман марказидаги ватанпарварлик боғида ҳайкалтарош Қурбон Норхўрозов томонидан бунёд этилган ҳайкалнинг қад ростлаб тургани эса ёшларимизга ватанпарварликнинг ўлмас тимсолини англатиб туради.

 

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА