Қатар Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрида араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб тан олганди. Ўшанда вақтлар ўтиб Форс кўрфазидаги ўзи чоғ, аммо иқтисоди хаминқадар бу давлат Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорларидан бирига айланишини кўплар тасаввур қила олмаган. Чунки ўша мустақилликнинг дастлабки йиллари араб мамлакатлари билан ҳамкорликдан тийилиш хато бўлганини сўнгги йиллар Ўзбекистоннинг ташқи очиқ сиёсати кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний уч бор – дастлаб Душанбе, кейин Пекин ва Остонада учрашиб, икки мамлакат қарашлари кўп жихатдан бир-бирига яқинлигини таъкидладилар. Ниҳоят 2023 йил 5-6 июнь кунлари Қатар Амири Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди ва Самарқандда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар давомида қиймати 12 миллиард АҚШ долларига тенг турли лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди. 2023 йил 1-2 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарга давлат ташрифи билан борди ва Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан музокаралар ўтказди.
2023 йилга келиб, ҳар икки мамлакат пойтахтларида элчихоналар очилди. Жумладан, шу йил 11 декабрда Доҳанинг нуфузли дипломатик корпуслар ҳудудида Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси очилди.

– Элчихонанинг очилиши икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг сўнгги йилларда яқинлашиши икки томонлама ҳамкорлик ривожланишида мутлақо янги саҳифа очиб берди, десак тўғри бўлади, –- дейди Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи Маҳмуд Маҳмудов. –Савдо-иқтисодий масаласида гапирадиган бўлсак, сўнгги 5-6 йил ичида бир ярим баробарга ошган, лекин икки мамлакатнинг салоҳияти жуда катта. Биз Қатар бозорига тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ овқат ва бошқа шу каби турли туман маҳсулотларни етказиб бериш имкониятига эгамиз. Ўз навбатида, Қатардан нефть, кимё маҳсулотларини олмоқчимиз.
Шуни айтиш керакки, бугунга келиб Қатарнинг дунёга машҳур компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритувчилар қаторидан жой олди.

– Шу жумладан, “Nebras Power” ва бошқа бир қатор компанияларни айтиб ўтиш мумкин. Улар томонидан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилган. Ўзбекистонда Президент томонидан тадбиркорлик юритиш учун яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар асосий туртки вазифасини бажариб келмоқда. “Nebras Power” компанияси томонидан аллақачон энергетика соҳасида иккита лойиҳа амалга оширилмоқда. Йўл қурилиши, инфратузилма, энергетика, туризм, меҳмонхоналар қурилиши, қишлоқ хўжалиги, саноат ва шу каби бошқа соҳаларда ҳам инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган, - дейди Маҳмуд Маҳмудов.
Сўнгги йил туризм соҳасида ҳар икки мамлакат учун хам янги йўналиш очилди. Ҳозир Доҳа – Тошкент ўртасида муттасил авиақатновлар йўлга қўйилган.

– Қатар фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз режим жорий этилди. Ўз навбатида, бизнинг фуқаролар учун ҳам виза чекловлари олиб ташланди. Бу, ўз навбатида, ўзаро туризм салоҳиятлари ошишига, икки мамлакат сайёҳлари оқими кўпайишига олиб келади. Қатарликлар учун Ўзбекистон жозибадор туристик маскан ҳисобланади, - дейди Маҳмуд Маҳмудов.
Сиёсий барқарор муносабатлар, ўзаро манфаатли иқтисодий қўшма лойиҳалар, зиёрат туризми Ўзбекистон – Қатар танлаган ҳамкорликнинг ишончли йўли шундай давом этмоқда.
Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний жанобларининг бугун Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи бу йўлни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SjQK_37HN78" title="Oʻzbekiston va Qatar xamkorlikning samarali yoʻlida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон ОБИДОВ, Элёр ОЛИМОВ, ЎзА