Бугун “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг илк тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Маҳаллий ва хорижлик киноусталар, актриса ва актёрлар таклиф этилган ушбу кинофестиваль иштирокчилар учун ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш ва ижодий ҳамкорликка ундаши билан аҳамиятлидир.
“ШҲТ мамлакатлари киноси кунлари” ва "ШҲТ мамлакатлари кинофоруми"нинг очилиш маросимида «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмадсаид Шоҳиён табрик сўзида тожик томошабинлари ўзбек киносини яхши кўришини таъкидлади.
У Тожикистон ва Ўзбекистоннинг қўшма лойиҳаси, “Жомий ва Навоий” тарихий фильми ҳақида маълумот берар экан, жорий йилнинг март ойида Тожикистонда "Ўзбек киноси кунлари" бўлиб ўтганига алоҳида эътибор қаратди.
– Тожикистонда "Ўзбек киноси кунлари" кўтаринки руҳда ўтказилди, – деди М.Шоҳиён. –Дўстона учрашувларга бой бўлган ушбу тадбир халқимиз учун катта таассурот қолдирди. Айниқса, намойиш этилган "101 рейс" фильми барчага бирдек манзур бўлди. Икки давлат ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамланаверсин. Бу эса биз, ижодкорларни куч-ғайрат бахш этиб, ҳамкорликда янги асарлар яратишга туртки бўлади. Бугун Тошкентда бошланган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали айнан шу мақсадга хизмат қилади, деган умиддаман.
Эслатиб ўтамиз, “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали жорий йилнинг 18 сентябрига қадар давом этади. Унда дунёнинг 40 та мамлакатидан, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан 500 дан ортиқ киноижодкорлар иштирок этмоқда. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.
Реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА