Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувида муаммолар борми? (+видео)
09:56 / 2025-11-25

Жиноят қилган шахс жазо олиши, қамалиши турган гап. Аммо уларнинг яқинлари бу борада қонун нуқтаи назаридан айбсиз.  Бироқ, ҳаётда фарзанди, турмуш ўртоғи қамалиши ортидан азоб чекаётганлар учраб туради.

Уч фарзанди бор, турмуш ўртоғи қамалган бир аёлни биламан. Тошкентдан Навоийга беш йилдан бери қатнайди. Учрашув эса осонликча бўлмайди. 

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти фаолиятига бағишлаб ташкил этилган пресс-тур давомида шу масалага ойдинлик киритиш учун департамент раҳбариятига мурожаат қилдик. 

Департамент бошлиғининг ўринбосари Отабек Сатимбоевнинг маълум қилишича, бу борада ҳақиқатан муаммолар бор. Бунга маҳкумларнинг кўплиги ҳам сабаб бўлмоқда. Айни пайтда уларнинг сони 45 мингга яқинлашган. Шунга қарамай, имкон қадар бевосита учрашувлар ҳамда телефон орқали онлайн мулоқотларни ўз  вақтида ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Айни пайтда учрашувлар ўз вақтида ташкил этилишини таъминлаш учун бу жараён рақамлаштирилмоқда. 

Пресс-тур давомида иштирокчилар Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Жазони ижро этиш департаменти ҳузуридаги 42-манзил колониясида бўлиб, маҳкумлар учун яратилган шароитлар билан танишди. 

– Маҳбуслар чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган деҳқончилик ишлари, асаларичилик билан шуғулланади, – деди 42-манзил колония бошлиғи Фахриддин Мадалиев. – Бу уларнинг ҳалол меҳнати билан жазони ижро этиш даврида ҳам даромад топиши, оиласига молиявий кўмак беришида муҳим ўрин тутмоқда. Муҳими, ҳалол меҳнат қилишга шаклланган кўникма уларнинг қайта жиноят содир этмаслигида муҳим ўрин тутмоқда.

Айтиб ўтиш керакки, кейинги пайтда маҳкумларни сақлаш шароитлари халқаро стандарт талабларига мувофиқлаштирилди ва уларнинг ҳуқуқлари янада кенгайтирилди.

Маҳкумларга сайлаш ва ижтимоий суғурта олиш каби ҳуқуқлар берилди. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларда таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш имконияти мавжуд. 

Бугунги кунда жазони ижро этиш тизимида 8 та умумтаълим мактаби ва 4 та касб-ҳунар таълими маркази фаолият олиб бормоқда.

Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг муассасада ишлаган даврини умумий меҳнат стажига қўшиш орқали уларга келгусида пенсия олиш имконияти ҳам яратилган. 

Маҳкумларга қариндошлари билан телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиш сони қарийб икки бараварга кўпайтирилди. Шунингдек, маҳкума аёлларга вояга етмаган фарзандлари билан чекланмаган миқдорда учрашиш имконияти яратилди.

Жазо муддатини ўтаётган шахсларга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишига йўл қўйилмаслиги қонун доирасида белгиланди.

Маҳкумларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинди. Маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қисқа муддатли учрашув, видеоучрашув ва телефон орқали сўзлашувларни ўзаро алмаштириш тартиби жорий этилди.

Қамоққа олинган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиблари белгиланди. Яқинда маҳкумларнинг жазо муддати китоб ўқиганлиги учун қисқартирилиши амалиёти жорий этилади.

Тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда адвокатлар учун 69 та алоҳида хона ташкил этилган. Омбудсман ва Бизнес омбудсманга қамоқхоналарга ҳеч қандай монеликсиз кириш учун шароитлар яратилган. 

Процессуал ҳаракатлар ёки бошқа тадбирларни амалга ошириш мақсадида видеокузатув воситалари билан жиҳозланган 49 сўровхона ташкил этилган. 

Муассасаларга 8 минг 276  дона видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Хизмат ўтаётган ходимлар 360 дона бодикамера билан таъминланган. 

Видеокузатув воситалари департамент ситуацион таҳлилий марказига интеграция қилиниб, муассасалар ҳудудидаги (ходимлар ва маҳкумлар) ҳаракатларни онлайн назорат қилиш имконияти мавжуд. 

Департамент тасарруфидаги 11 тергов ҳибсхонаси, 18 жазони ижро этиш колониялари рентген-сканер қурилмалари билан таъминланди. 

Департамент билан давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида 10 та меморандум имзоланиб, маҳкумларни тарбиялаш, жамиятга мослаштириш, тўғри ҳаётга қайтариш борасида ҳамкорликда тарбиявий-профилактик ишлар амалга ошириб келинмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/T3njzHY7orA" title="Mahkumlarning yaqinlari bilan uchrashuvidamuammolar bormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова, Нишонбой Абдувотов (видео), ЎзА