English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланади
15:24 / 2024-01-23

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этилган шахслар билан инсонпарварлик тамойили асосида муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга оид нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш тартиби жорий этиляпти.  

Бундан ташқари, оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайлов ва референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланмоқда.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида мазкур тартибларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, юртимизда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ, маҳкумларга инсоний муносабатда бўлиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида халқаро органларга мурожаат қилиши ҳамда оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайлов ва референдумларда иштирок этиш ҳуқуқлари кафолатланди.  

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига, халқаро рейтинг ва индексларда ижобий ўзгаришларга, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мақсадларга эришишга, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

Турли фикр ва таклифлар, қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА