Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумларни жамиятга қайтариш йўлида амалий қадамлар
14:48 / 2025-12-23

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида пробация ҳисобида турган маҳкумлар билан ишлашга қаратилган комплекс тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар ҳуқуқий онгни ошириш, қайта ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда маҳкумларни жамиятга мослаштиришга хизмат қилади.

Туман ички ишлар бўлимининг жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бўлинмаси томонидан навбатдаги учрашув ўтказилиб, унда жазо ўтаётган маҳкумларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Хусусан, автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар учун белгиланган чекловлар, ушбу талабларни бузиш оқибатлари ҳамда қонуний жавобгарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда йўл патрул хизмати раҳбари иштирок этиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, қоидаларга қатъий риоя этишнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, маҳкумларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан тавсиялар билдирилди.  

Савол-жавоблар жараёнида иштирокчиларни қизиқтирган масалаларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Куннинг иккинчи ярмида эса пробация назоратидаги маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ишга марҳамат” дастури доирасида бўш иш ўринлари бўйича меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Ярмарка давомида иштирокчиларга мавжуд иш ўринлари, меҳнат шароитлари ва иш берувчилар томонидан яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Суҳбатлар жараёнида маҳкумларнинг касбий қизиқишлари, малакаси ва имкониятлари инобатга олиниб, амалий натижаларга эришилди. Хусусан, ярмарка якунида икки нафар назорат остидаги маҳкум доимий иш ўринларига жойлаштирилди.

Қайд этилишича, бундай тадбирлар маҳкумларнинг жамиятга қайта интеграциялашувини таъминлаш, барқарор ҳаёт кечиришларига замин яратиш ҳамда қайта жиноят содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири