Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ёпиқ муассасалар, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига тез-тез ташриф буюраётгани, улардаги шарт-шароитни ўрганиб бораётгани сабаб у ерда сақланаётган шахсларнинг бу тузилмага ишончи ортиб бормоқда. Омбудсманга тушаётган мурожаатлар шуни тасдиқлайди.
– Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкума Г.П. даволанишида амалий ёрдам берилиши бўйича мурожаат қилди, – дейди Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова. – Мазкур мурожаат назоратга олиниб, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакилига топширилди ва у вазиятни жойига чиқиб ўрганди.
Аниқланишича маҳкума Г.П. Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор, деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Айни пайтда у жазони умумий тартибли колонияда ўтамоқда.
Маҳкума билан холи тарзда суҳбат ўтказилганда, у саратон касаллигига чалингани, тергов ҳибсхонада даволанаётгани, лекин соғлиги кундан-кунга оғирлашаётганини билдирган. Ихтисослаштирилган тиббий муассасаларда даволанишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Омбудсман минтақавий вакили томонидан кўрилган чоралар натижасида маҳкума Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалига даволаниш учун юборилди. Маҳкума икки ойдан ортиқ вақт давомида ушбу муассасада керакли муолажаларни олган.
Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий равишда жазони ижро этиш муассасаларига бориб, маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганиш билан бирга уларнинг мурожаатларини ҳам қабул қилади.
Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Косон туманидаги 10-сонли жазони ижро этиш муассасасида сайёр қабул ўтказганида маҳкум Қ.Х. оиласи ижтимоий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган.
Мурожаатда вояга етмаган фарзандлари борлиги, турмуш ўртоғининг ишлаб топгани оилани тебратишга етмаслиги сабабли у бола пули олишга ҳаракат қилаётганини маълум қилган. Аммо маҳкумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини янгилаш муддати ўтиб кетгани сабабли ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар юзага келган.
Маҳкум оиласининг ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, унинг аризаси бўйича тегишли органларга мурожаат қилинди ва унга шахсни тасдиқловчи ҳужжат – ID карта расмийлаштирилди.
Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакилига 36-сон Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган бухоролик маҳкум Т.И. оиласига моддий ёрдам кўрсатилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Аниқланишича, 2020 йилда табиий офат сабабли маҳкумнинг оиласи яшаб келаётган Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги уйга зарар етган. Табиий офат натижасида зарар кўрган оилаларга ҳокимият томонидан қурилиш материаллари олиб берилган. Маҳкум мурожаатида уйни капитал таъмирлашни исташи, бунинг учун яна қўшимча қурилиш маҳсулотларини сотиб олиш кераклиги, лекин моддий имконияти йўқлигини маълум қилиб, ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Навоий ва Бухородаги минтақавий вакиллари ҳамкорлигида кўриб чиқилди. Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида маҳкум оиласи яшаётган манзилга борди. Ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам маҳкум оиласи оғир шароитда яшаши маълум бўлди. Уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича туман ҳокимиятига мурожаат қилиниб, керакли қурилиш материаллари олиб берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА