Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ташкилий-амалий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга оид ишлар қамрови ҳам тобора кенгайиб бормоқда.
БМТнинг 1955 йилдаги жиноятнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан муомала қилишга оид биринчи Конгрессида қабул қилинган Маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалар маҳбусларни қамоқда сақлаш юзасидан универсал эътироф этилган минимал стандартлар ҳисобланади ҳамда бутун дунёда пенитенциар муассасалар билан ишлашга доир қонунлар, сиёсат ва амалиётни ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга ва таъсирга эга.
Минимал стандарт қоидаларнинг қайта кўриб чиқилган матни 2015 йил 17 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сессиясида A/RES/70/175-сонли резолюция тарзида бир овоздан қабул қилинди. Қайта кўриб чиқилган мазкур Қоидалар Жанубий Африканинг марҳум Президенти ва умрининг катта қисмини қамоқда ўтказган Нелсон Мандела хотирасига ҳурмат белгиси сифатида «Нелсон Мандела қоидалари» номи билан машҳур. Жазони ижро этиш тизими босқичма-босқич ушбу қоидаларга мувофиқлаштирилиб борилмоқда.
Хусусан, ижтимоий хавфли ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди. Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлари ва жўнатма қабул қилишлари сони қарийб икки баробар кўпайди.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг розилиги билан уларга психологик ёрдам кўрсатилиши ва руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этилган тартиббузарлиги учун интизомий жазо чоралари қўлланилмаслиги кафолатланди. Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди.
Жиноят-ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилди. Шунингдек, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди.
Маҳкумларнинг илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ё масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди ҳамда жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари оворагарчилигига барҳам бериш мақсадида масофали учрашув хоналари тайёрланди. Кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахслар юқори ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилиши таъминланмоқда.
Ислоҳотлар жараёнида маҳкумларга муносиб шароитларни яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, халқ томонидан «тоштурма» деб аталиб келинган ва салбий таърифланган УЯ-64/1 тергов ҳибсхонаси ёпилди. Ўрнига халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида янги 1-сон тергов ҳибсхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу сингари«Жаслиқ» колонияси тугатилди ва унда сақланган маҳкумлар республиканинг бошқа колонияларига ўтказилди.
Юртимизда кейинги йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига муқобил (қамоқ билан боғлиқ бўлмаган) жазо чораларини қўллаш тенденциясининг кўпайиши кузатилди.Натижада жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар сони камайиб, охирги тўрт йилда учта ёпиқ турдаги, яъни Навоий вилоятидаги 36, Қашқадарё вилоятидаги 33 ва Тошкент вилоятидаги 65-сонли умумий тартибли колониялар тугатилди.
Яна бир муҳим воқелик шу бўлдики, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жазони ижро этиш колонияларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га ва прокурорга маҳкумларнинг ариза ҳамда шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Жазони ижро этиш муассасаларида қонунларга риоя этилиши прокуратура органлари ва Омбудсман томонидан мунтазам равишда ўрганиб борилмоқда.
СЎНГГИ ЙИЛЛАРДА ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ КОДEКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР
Барчага маълумки соҳага оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси, қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Сўнгги йилларда Жиноят-ижроия кодексига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан Жиноят-ижроия кодексининг 11, 67, 76, 79, 102, 125, 130, 132-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Кодекс «Рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби» номли янги 1021-модда билан тўлдирилди. Мазкур қонун билан маҳкумларнинг қуйидаги ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди:
биринчи, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларига доир чекловлар бекор қилинди;
иккинчи, маҳкум ҳомиладор, боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар берилди, яъни аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда белгиланди;
учинчи, маҳкумларнинг жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилди. Амалдаги Кодексда рағбатлантириш чораларини қачон ва қай тартибда амалга ошириш кўрсатилмаган эди. Эндиликда маҳкумларга рағбатлантириш чораларини қўллаш масаласини йилига икки марта, шунингдек, байрам кунлари муносабати билан кўриб чиқилиши назарда тутилди.
Янги киритилган 1021-моддага кўра, озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан Кодекс 971-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мезонлар асосида рағбатлантириш чоралари қўлланилади.
Комиссия жазони ижро этиш муассасасининг ходимлари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари орасидан камида саккиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Унинг таркибига жамоатчилик вакиллари, қоида тариқасида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг катта ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.
Таъкидлаш жоизки, маҳкумларни рағбатлантиришнинг бу каби чоралари Испания, Туркия ва Япония сингари мамлакатларнинг пенитенциар кодексларида кўрсатиб ўтилган;
тўртинчи, озодликдан маҳрум қилинган шахснинг хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда, у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ариза, хабар билан жазони ижро этиш муассасасининг ҳар қандай ходимига оғзаки ёки ёзма мурожаат қилиши мумкин. Бунда дарҳол маҳкумнинг аризаси олиниши ва зудлик билан унинг хавфсизлиги таъминлаш чоралари кўрилиши шартлиги белгиланди;
бешинчи, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олиниши белгиланди;
олтинчи, маҳкумларнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга, телефон орқали сўзлашувга, масофавий видео-учрашувга алмаштирилиши, қисқа муддатли учрашув эса масофавий видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши мумкинлиги кўзда тутилди;
2. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан Жиноят-ижроия кодексининг қатор моддаларидаги«қонун ҳужжатлари» деган сўзлар»қонунчилиги» деган сўз билан алмаштирилди;
3. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 ноябрдаги «Коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан Жиноят-ижроия кодексининг 18-моддаси Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга, зарур ҳужжатлар билан танишишга ҳақли эканлиги мазмунидаги учинчи қисм билан тўлдирилди;
4. Жиноят қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг2021 йил 7 декабрдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан Жиноят-ижроия кодекси 127-моддасининг биринчи қисмидаги ўн уч ёшдан қўлланиладиган тарбия колониясида ҳибсхонага киритиб қўйиш тариқасидаги интизомий жазо ўн тўрт ёшга ўзгартирилди. Бу мамлакатимиз жиноят ва суд ишларини юритиш жараёнида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди;
5. Ўзбекистон Республикасининг2022 йил 17 майдаги «Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан Жиноят-ижроия кодексининг қатор моддаларидаги «ногиронлари» сўзи «ногиронлиги бўлган шахслар» сўзлари билан алмаштирилди.
Бундан ташқари, соҳага оид қуйидаги қонуности ҳужжатлари қабул қилинди:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартдаги«Жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналарида сақланаётган шахсларни таъминлаш меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 143-сонли қарори;
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг«Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимча киритиш тўғрисида»ги буйруғи(31.10.2022 йилда давлат рўйхатидан ўтган);
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Молия вазирликларининг «Жазони ижро этиш муассасаларида узоқ муддатли учрашувларга хоналар тақдим этганлик учун тарифларга ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қўшма қарори (25.05.2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган);
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича қоидаларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (18.08.2021 йилда давлат рўйхатидан ўтган).
ИНСТИТУЦИОНАЛ ЎЗГАРИШЛАР
Тизимда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6196-сонлиФармони ҳамда 2021 йил 2 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5050-сонли қарори қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти дея қайта ташкил қилиниб, унда департамент фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳамда жазони ижро этиш тизимини рақамлаштириш орқали соҳада инсон омилини истисно қилиш ва жазони ўташ тартиботини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилди.
ЖОРИЙ ЙИЛГИ ЎЗГАРИШЛАР
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида 2023 йил 15 февралда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун билан амалдаги қонунларга қуйидаги бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:
биринчидан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун 37-моддасининг биринчи қисми озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўташ даврида бажарадиган ҳар қандай иши, агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган бўлса, маҳкумнинг иш стажига қўшиб ҳисобланишини назарда тутувчи янги норма(«к» банд) билан тўлдирилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда ушбу нормани амалга оширишнинг аниқ механизмини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси 96-моддасининг номи «Ижтимоий солиқни тўлаш ва маҳкумларнинг пенсия таъминоти» тарзида ўзгартирилди ва унинг биринчи қисми «Жазони ижро этиш муассасаларининг озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари ижтимоий солиқ бўйича солиқ солиш объектидир» деб белгиланди.
Шунингдек, ушбу модда ижтимоий солиқ тўланган давр озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши, муассаса маъмурияти маҳкумнинг жазони ўташи даврида солиқ тўланганлиги ҳақидаги маълумотномани:
маҳкум жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинишидан камида уч иш куни олдин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига электрон тарзда юбориши;
жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинаётганида маҳкумга қоғоз шаклида берилиши ҳақидаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилди;
иккинчидан, маҳкумларнинг таржимон билан бир қаторда сурдо таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи(Жиноят-ижроия кодекси 9-моддаси) ҳамда маҳбусларга нисбатан тинчлантириш кўйлагини қўллаш мумкин эмаслиги (Жиноят-ижроия кодекси 70-моддаси чиқариб ташланди) қатъий белгилаб қўйилди;
учинчидан, қонун (Жиноят-ижроия кодексининг 8-моддаси) билан жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазо турларининг қўлланилишига йўл қўйилмаслиги қатъий мустаҳкамланди.
Шу ўринда эътироф этиш керак, инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташдир. Шунинг учун БМТ ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларга кўра, қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай тарзда йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси талабига кўра ҳам ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа турдаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас;
тўртинчидан, озодликдан маҳрум этилган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланган бўлиши кераклиги назарда (Жиноят-ижроия кодексининг 84-моддаси)тутилди;
бешинчидан, «Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ишдан бўш соатларда, тунги дам олиш учун ажратилган вақтдан ташқари, кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриш, радио эшиттиришлар эшитиш ҳуқуқига эга»эканлигини белгилаш орқали олдинги (ҳафтада камида бир марта кинофильм намойиш этилиши ҳамда камераларда жазо ўтаётган маҳкумларга кинофильм ва телекўрсатувлар кўришга рухсат этилмаслиги) чекловлар олиб ташланди (Жиноят-ижроия кодексининг 81-моддаси);
олтинчидан, Жиноят-ижроия кодекси «Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари» номли янги 971-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги Кодекснинг 1021-моддасида назарда тутилган комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.
Комиссия томонидан тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкумлар билан тарбиявий-профилактика ишлари муассаса психологини жалб этган ҳолда алоҳида режа асосида амалга оширилади.
Тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкум комиссиянинг хулосаси устидан Кодекснинг 107-моддасида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
Мазкур қонун маҳкумларни муассасада ишлаган иш стажини умумий иш стажига қўшиш орқали уларга келгусида пенсия олиш имкониятини яратишга ва, энг асосийси, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омиллар бартараф этилишида муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида айтганда, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаётган ҳамда тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга нисбатан қўлланиладиган рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш,маҳкум ва маҳбусларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш йўлида хизмат қилади.
Фозилжон Отахонов,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор