Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумлар ҳолидан хабар олинди
08:30 / 2023-12-05

Конституция куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, соғлиқни сақлаш ва пенсия жамғармаси вилоят бошқармалари ходимлари билан биргаликда Самарқанд шаҳридаги 38-сонли жазони ижро этиш манзил колониясида бўлиб, у ерда сақланаётган маҳкумларнинг иш ва яшаш шароити, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари билан танишди.

– Маҳкумлар озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаётган бўлса-да, уларнинг бир қатор ҳуқуқлари бор, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов. – Ана шу ҳуқуқларнинг қай даражада кафолатлангани билан танишиш, маҳкумлар билан мулоқот қилиш мақсадида режа асосида бу каби тадбирлар уюштириб турилади. Бугун ҳам тегишли соҳалар мутахассислари билан биргаликда манзил колониядаги ювиниш хоналари, ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган хоналар, тиббиёт бўлими, маҳкумлар иш жойлари кўздан кечирилди. Иш шароити, ойлик маош тўланиши, мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик ҳолатларига эътибор қаратилди. Шунингдек, маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувга келган оила аъзолари билан ҳам суҳбатлашдик. Уларга муассасада яратилган шарт-шароитларни ўргандик.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мобил кўчма тиббий гуруҳи маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказди. Бу жараёнда 3 нафар маҳкумда жарроҳлик амалиётини ўтказишга эҳтиёж борлиги аниқланди. Саломатлигида нуқсон қайд этилган маҳкумларга дори-дармон берилди.  

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан манзил колониядаги ногиронлиги бор фуқаролар фойдаланиши учун 2 та ногиронлар аравачаси ва қўлтиқтаёқ, ҳасса, эшитиш мосламалари берилди.  

Шундан сўнг муассасада қабул ўтказилиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, соғлиқни сақлаш ва пенсия жамғармаси вилоят бошқармалари ходимлари маҳкумларни эшитди, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тушунча берилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ҳам маҳкумлар билан якка тартибда қабуллар ўтказди. Мазкур қабулда билдирилган мурожаатлар асосида 2 нафар маҳкум суд ҳукмида белгиланган тартибда жазони ўташ жараёнида гиёҳвандликдан мажбурий равишда даволаниши учун Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтакавий филиалига ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири