Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳкумлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
12:47 / 2025-10-23

Сирдарё вилоятида ёшлар билан очиқ мулоқот, хусусан, қайта тарбия ва жамиятга қайтиш жараёнидаги ёшлар билан ишлашга эътибор тобора кучаймоқда.

Бу йўналишдаги тадбирлардан бири — ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Учинчи минтақавий ҳудуднинг 8-сон тергов ҳибсхонасида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлди.

Тадбирда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Зоҳидов иштирок этиб, ҳибсхона ходимлари ва ёш маҳкумлар билан очиқ суҳбат олиб борди.

Мулоқот аввалида адлия раҳбари ходимлар билан учрашди. Унда мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга, оилавий муносабатлар, никоҳ шартномаси ва ҳуқуқий маданиятни ошириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

– Никоҳ шартномаси — бу нафақат ишонч рамзи, балки масъулият ва адолат кафолати ҳамдир, – деди Жаҳонгир Зоҳидов. – У оилавий муносабатларда аниқликни таъминлаб, можароларнинг олдини олади.

Тадбирнинг иккинчи қисми ёш маҳкумлар билан мулоқотга бағишланди. Бу суҳбат оддий учрашув эмас, балки ҳаёт сабоғи, англаш ва тузалиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

24 нафар ёш маҳкум иштирок этган учрашувда уларга мамлакатда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, касб-ҳунарга ўқитиш тизими, судланганликдан кейинги реабилитация жараёнлари ва жамиятга қайтишдаги қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, уларга ҳаётда тўғри йўлни танлаш, хатоларни тузатиш ва ўз қобилиятини жамият фойдасига йўналтириш ҳақида керакли тавсиялар берилди.

– Ҳар бир инсон хато қилиши мумкин. Аммо хато ортидан тўғри хулоса чиқариш, ўз бурчини чуқур англаш ва фойдали инсонга айланиш — ҳақиқий жасорат, – деди адлия бошқармаси раҳбари.

Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ғулом Примов, ЎзА